Спутник тасвирлари мамлакат Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли Скарборо саёзлиги устидан назоратни кескин кучайтирганини кўрсатмоқда. Хусусан, 10 ва 11 апрел кунлари Хитой томони саёзликка кириш қисмида 352 метрли сузувчи тўсиқ ўрнатган ҳамда ҳудудга ҳарбий-денгиз флоти ва соҳил қўриқлаш хизматининг патрул кемаларини жойлаштирган. Бу ҳаракатлар Филиппин балиқчилик кемаларининг бой ресурсга эга ички сувга киришига тўсқинлик қилиш мақсадида амалга оширилган.
Филиппин ҳукумати ушбу саёзлик ўз иқтисодий зонасида жойлашганини таъкидламоқда, бироқ Пекин уни ўз ҳудуди деб ҳисоблаб, ҳатто "миллий қўриқхона" мақомини берган. Ҳозирда саёзлик атрофида Хитойнинг тўққизта кемаси блокада ўрнатган бўлиб, экспертлар ушбу қарама-қаршилик минтақада йирик қуролли тўқнашувга айланиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.