Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил (Бизнес Омбудсман) девони тадбиркорларнинг мурожаатларини тезкор ва холис кўриб чиқишни давом эттирмоқда.
Шу йилнинг сентябрь ойида Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида фаолият юритувчи тадбиркор кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришда юзага келаётган муаммолардан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўтказилган ўрганишда хақиқатдан ҳам тадбиркорга кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш асоссиз рад этилганлиги ўз тасдиғини топди ва туман кадастр филиали раҳбарига интизомий жазо чораси қўлланилди, шунингдек, тадбиркорга тегишли “IMRAN ELITE GROUP” МЧЖнинг кейинги аризаси ижобий ҳал этилиб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилди.
Вакил девони тадбиркорлардан келиб тушаётган ҳар бир мурожаатни батафсил ўрганиб, тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтиришни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаган.