Бугун 23 май, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

«Бизда ракеталар тугади». Зеленский Триполская ИЭС қандай яксон этилгани ҳақида гапириб, АҚШни зудлик билан ёрдамни маъқуллашга чақирди

«Бизда ракеталар тугади». Зеленский Триполская ИЭС қандай яксон этилгани ҳақида гапириб, АҚШни зудлик билан ёрдамни маъқуллашга чақирди

Володимир Зеленский Американинг PBS телекомпаниясига берган интервюсида Украина қуролли кучларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар тугаб қолгани туфайли россиялик ҳарбийлар Киев яқинидаги Триполская иссиқлик электр станциясини йўқ қилишга муваффақ бўлганини айтди. Украинлар президентининг сўзларига кўра, бу АҚШ Конгресси имкон қадар тез фурсатда Киевга навбатдаги ёрдам пакетини маъқуллаши кераклигини кўрсатувчи мисоллардан биридир.

Зеленский PBS журналисти билан АҚШ Конгресси спикери Майк Жонсоннинг Киевга Америка ёрдами бўйича ўз режасини эълон қилиши ортидан гаплашди.

Америка нашрлари маълумотига кўра, Жонсон Украина, Исроил ва Тайван хавфсизлигини молиялаштириш тўғрисидаги қонунни тўртта турли лойиҳаларга ажратишни таклиф қилмоқда. Нуфузли The Hill нашри суҳбатдошлари айтишича, режа тўртта қонун лойиҳасини битта процедура нормаси орқали ўтказиш имконига эга бўлишни назарда тутади.

Конгрессменлардан бирининг сўзларига кўра, миллий хавфсизлик билан боғлиқ тўртинчи қонун лойиҳаси TikTok ижтимоий тармоғини блоклаш, шунингдек россиялик олигархлардан мусодара қилинган активларни Украина фойдасига сотиш тўғрисидаги бандни ўз ичига олади.

АҚШ Сенати Украина, Исроил ва Тайван учун жами 95 млрд долларлик (шундан 60 млрд доллар Украинага аталган) ёрдам пакетни феврал ойидаёқ маъқуллаганди.

Аммо Доналд Трампнинг Конгрессдаги тарафдорлари ва улар томонидан тайинланган спикер Жонсон бу қонунни қўллашдан бош тортди ва Украинага ёрдам ажратилишини Мексика чегараси орқали амалга ошириладиган миграцияни тақиқлаш ҳамда суюлтирилган газ экспортини лицензиялаш эвазига маъқуллашларини билдиришди. Яқинда улар яна бир шарт қўйишганди — ёрдамнинг бир қисмини кредит сифатида расмийлаштиришни.

«Бу шармандалик». Зеленский Конгрессдаги баҳслар ҳақида

Ўтган йил декабридан буён Америкадан Украинага мунтазам ёрдам етказиб берилмаяпти. Март ойида Пентагон Украина қуролли кучларига 300 млн долларлик кичик пакет жўнатган (бу ёрдам олдинги шартномаларни бажариш чоғида тежалган маблағлар ҳисобидан шакллантирилган), аммо америкалик расмийлар ҳам, украиналик расмийлар ҳам бу етарли эмаслигини айтишган.

Конгресс ўз вақтида ёрдам кўрсата олмаётган маҳалда Украина қуролли кучлари ўқ-дориларнинг жиддий тақчиллигини бошдан кечирмоқда. Бу вақтда эса Россия қўшини Украина шарқида юришни давом эттирмоқда — ва амалда деярли ҳар куни кичик, лекин сезиларли ютуқларга эришмоқда.

«Мен сизларга очиқ айтаман — бундай ёрдамсиз бизда ғалаба қозониш имконияти бўлмайди, — деган Зеленский PBS’га интервюсида Американинг ёрдам пакети ҳақида. — Душмандан кучлироқ бўлишинг керак. Мен шу ҳақда гапиряпман. Бугун эса артиллерия снарядлари нисбати — бирга ўн. Бу ҳолатда бардош беришимиз мумкинми? Йўқ. Нима бўлганда ҳам бундай статистикада улар ҳар куни бизни ортга суради. Агар биз ўз назоратимиздаги ҳудудларни юз фоизга ҳимоялашни истасак, биз бир нисбатдан тенг нисбатга ўтишимиз керак. Ўнга ўн».

Зеленский Конгрессдаги Америка ёрдамини ажратиш бўйича сиёсий мунозараларни кескин танқид қилди ва буни АҚШдаги бўлажак президентлик сайловлари билан боғлади.

PBS журналистининг Жонсоннинг Украина ва Исроилга ёрдамни ажратиш нияти ҳақидаги саволига жавобан украинлар президенти шундай деди: «бу шуни кўрсатадики, энди бу хавфсизлик масаласи эмас».

«Бу фақат сиёсат. Очиғини айтсам, бу дунё учун шармандалик. Бу шунчаки демократия учун ва демократия ҳақида гапирувчилар учун шармандалик. Агар Конгресс бўлиб ўтган барча воқеалардан кейин ёрдамни Исроил ва Украинага тақсимласа, бу шунчаки АҚШдаги сайловлар масаласи бўлганини кўрсатади», — деган Зеленский.

«Бу Украинада ҳар куни қанча одам ўлаётгани ҳеч кимни қизиқтирмаслигини англатади. Уларга ўз рейтинги қандайлиги муҳимроқ — бу шундан дарак бермоқда. Улар шунчаки ўлганларнинг ҳеч қандай рейтинги бўлмаслигини унутишди», — дея қўшимча қилган у.

Триполская ИЭС қандай вайрон қилинган?

Украина учун АҚШ ҳарбий ёрдами нақадар муҳимлигини кўрсатиш учун Зеленский Россия қўшини яқинда Киев областидаги энг йирик иссиқлик электр станцияси Триполская ИЭСни қандай йўқ қилгани ҳақида гапирган.

11 апрел куни Россия Украина энергетика инфратузилмалари бўйлаб навбатдаги марта ёпирилма зарбаларини йўллади. Ҳужум вақтида Киев, Черкасс ва Житомир областларини электр энергияси билан таъминлаб турган Триполская ИЭС буткул вайрон бўлди. Станцияда ҳар бири 300 MVt қувватга эга бўлган майдаланган кўмирда ишловчи тўртта ва газ-мазутли иккита энергия блоки мавжуд эди.

«Мен сизга битта мисол келтираман — жуда оддий. Триполская станциясида бўлган иш. Киев ҳудудида электр бўлиши унга боғлиқ эди. 11 та ракета учиб келган. Дастлабки еттитасини уриб туширдик. Кейинги тўрттаси эса Триполскаяни яксон қилди. Нима учун? Чунки ракеталар сони — нол эди. Бизда уни ҳимоя қилган ракеталар тугаб битганди», — деган Зеленский PBS журналистига.

Триполская ИЭС яксон этилишига сабаб Украинада зенит ракеталар етарли эмаслиги сабаб бўлгани ҳақида зарбадан кейинроқ Германиядаги Bild газетаси журналисти Жулиан Рёпке ҳам ёзгади. «Мен бир неча ҳафта олдин айтганимдек (ва менга ҳеч ким ишонмаганди), Украинада Patriot ва IRIS-T тизимлари учун ракеталар тугаган, — деган журналист. — Бундан ташқари, бошқа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг аксари ишдан чиққан ёки йўқ қилинган. Ва бу [Ғарб мамлакатларида] юзлаб тизимлар ва минглаб ракеталар борлигида рўй бермоқда. Айтишга сўз қолмади. Фақат жаҳлинг чиқади».

Ўз интервюсида Зеленский гап Украинада умуман зенит ракеталари захиралари тугагани ёки фақат муайян ҳолатда ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етишмагани ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган.

Шу йил баҳорида йўлланган зарбалар натижасида россиялик ҳарбийлар Харкивдаги энергетика инфратузилмаларининг ҳам катта қисмини йўқ қилган. Украинанинг иккинчи йирик шаҳрида электр таъминотида чекловлар ва режалри ўчиришлар жорий этилган.

Украина ва Исроил

Бу ҳафтада Зеленский бир неча бор Украинани ҳам Исроилни Эроннинг ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилгандек ҳимоя қилишга чақирди.

Украина президенти душанба куни кечқурунги видеомурожаатида эронликлар зарбасидан кейин «бутун дунё Исроил ва қўшни мамлакатлар осмонида иттифоқчиларнинг ҳаракатларидан агар сиёсий ирода етарли бўлса ва биргаликда ҳаракат қилинса, террордан ҳимояланишда бирдамлик қанчалик самара келтиришига гувоҳ бўлгани» ҳақида гапирган.

«Исроил НАТО аъзоси эмас ва ҳеч қандай 5-моддани [НАТОнинг алянснинг барча аъзоларини коллектив ҳимоя қилиш тўғрисидаги низоми] фаоллаштиришга ҳожат бўлгани йўқ. Ва бу кимдир урушга тортилишига олиб келмади. Улар шунчаки одамлар ҳаётини ҳимоя қилишга ёрдам беришди», — деган Зеленский.

Якшанбага ўтар кечаси Эрон Исроил ҳудудлари бўйлаб 300 дан ортиқ ракета ва пилотсиз учиш қурилмаларини учирганди. Исроиллик ва ғарблик ҳарбийларга кўра, Исроил ва иттифоқчиларининг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари АҚШ, Буюк Британия ва Франция самолётлари кўмагида бу снарядларнинг 99 фоизини уриб туширган.

Зеленскийнинг сўзларига жавобан Украинанинг ғарблик иттифоқчилари, жумладан АҚШ ва Буюк Британия Яқин Шарқдаги вазият бошқа ҳолат экани, НАТО мамлакатлари ҳарбий хизматчилари Россия қўшини билан тўғридан тўғри тўқнашувга кириша олмаслиги, бу кескинликни кучайтириши ва янада катта урушга сабаб бўлишини айтишган.

Киритилди: 16:22 17.04.2024. Ўқилди: 2026 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!