Украина президенти Словакия бош вазири Роберт Фицо билан Укгороддаги учрашувида энергетика масаласини муҳокама қилди.
"Украина Россия томонидан энергетика объектларига берилаётган зарбаларга жавоб бермоқда. Шунчаки зулматда чидаб ўтирмаймиз. Россия нефти ва газининг келажаги йўқ. Биз Словакия ва бошқа ҳамкорлар учун энергетик барқарорликни таъминлашга тайёрмиз. Биз Словакияга нефт ва газ етказиб беришга ҳам тайёрмиз, аммо бу Россия нефти ва гази бўлмаслиги шарт. Чунки биз уруш ҳолатида турибмиз", — дея таъкидлади Зеленский.
"Баъзи мавзуларда бизнинг қарашларимиз турлича бўлиши мумкин, бу табиий ҳолат. Кўплаб Европа мамлакатлари суюлтирилган табиий газ сотиб олади, бизнинг вазифамиз эса яхши нархда етказиб бериш манбаларини топиш. Мен Зеленскийни ҳурмат қиламан, у ҳам мени ҳурмат қилади, баъзида бундай кўринмаслиги мумкин. Украинага қарши қандайдир энергетик блокада қилишимиз ҳақидаги гаплар ёлғон, бу масала Путин билан бўлган суҳбатимизда тилга олинмади. Словакия хавфсизлик кафолатларида ҳал қилувчи рол ўйнай олмайди, бироқ ўт очишни тўхтатишга олиб келадиган барча ташаббусларни қўллаб-қувватлайди", — деди Фицо.