Бугун 8 июнь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Биз дам олиш, ҳордиқ чиқаришни биламизми?

A A A
Биз дам  олиш, ҳордиқ чиқаришни биламизми?

Баҳор ва ёз фаслларида баҳаво дам олиш масканларига бориш, йил бўйи йиғилган чарчоқларни чиқариш, табиат гўзаллигидан баҳра олиб, саломатликни тиклашни ким ҳам истамайди, дейсиз? Ҳамма истайди. Бироқ, қон-қонимизга сингиб кетган ақида бор - - дам олишни кексаликка қўямиз. Рўзғор ташвишларидан дам олиш учун пул орттириб бўладими?! , Узатиладиган қизим, уйлантирадиган ўғлимнинг тўйига йиғиняпман, менга дам олишни ким қўибди? , Бу йил болам ўқишга топширади, топган-тутганимизни репитеторга беряпмиз, дам олишга йўл бўлсин... , Иморат бошлаб қўйганимизга икки йил бўляпти, битгани йўқ, дам олишга сарфланадиган харажатни уйга харж қилсак, шу йили кўчиб ўтармидик... каби ҳаёт ташвишларидан ошиниб, йилда ҳеч бўлмаса бир мартагина соғлигимизни тиклаш, ҳордиқ чиқариш учун вақт ва маблағ топишга жазм қилмаймиз. Аслида дам олишдан бизни тўхтатиб турадиган важларимиз ҳам жўяли туюлади, бир қараганда. Тўғри-да, тўй бошлаб қўйган, иморати битмаётган, фарзанди талаба бўлиш иштиёқида бўлган инсоннинг кўнглига дам олиш қандай сиғсин? Боз устига элимиз Болам... деб яшайдиган болажон халқ бўлса... Бироқ, яна бир ҳақиқат бор - - яхши яшаш, меҳнат қилиш, орзуларга эришиш учун ҳам инсон вақтида дам олиб, саломатлигини тиклаши, мароқли ҳордиқ чиқариши керак. Катта ишларни амалга ошириш учун куч-қувват ва яхши кайфият энг асосий омиллардан бўлса, тинимсиз ишлаган, дам олишни унутган инсонда бу хусусиятлар қаердан бўлсин? Хўш, ўзбек халқи қачон дам олади? Биз дам олишни биламизми? Бугунги мулоҳазалар шу хусусида.

Онам дам олишни хоҳламади

Қишлоқдан дугонамнинг онаси келган эди. Таниқли қўшиқчилардан бири концерт қўяётган экан, дугонам онасини концертга олиб тушди. Онасининг кўнглини олаётган дугонамга ҳавас қилиб мен ҳам ота-онамни Пойтахтга чақиртиришни, бирор ҳафта айлантириб, театр-концертларга олиб тушишни ният қилдим. Дугонамдан концерт чипталари нархини сўрагандим, осмону фалакда парвоз қилаётган нарх-наволарни эшитиб, шу пулга бироз қўшиб, ота-онамни бирор яхши сиҳатгоҳда даволаниб, дам олишлари учун йўлланма харид қилишни мўлжалладим. Онамга қўнғироқ қилиб, дадам билан шаҳарга келишларини, бирор сиҳатгоҳда 10-15 кун дам олиб, саломатликларини тиклаб қайтишларини, ҳамма харажатларни ўзим қилишимни айтгандим, кўнмадилар.

  • Вой, қизим, қўйсанг-чи, даданг иккимиз соппа-соғмиз, худога шукр. Сиҳатгоҳга пул сарфлашнинг нима кераги бор? Кузда укангни уйлантирмоқчимиз, тўйга ҳам озмунча харажат кетмайди, ахир. Бизга атаганингни олиб қўй, тўйга ёрдамлашарсан,- - дедилар. Нима дейишни билмай қолдим. Тўғриси, ич-ичимдан ачиндим. Сиҳатгоҳга бориб дам олсалар, укамнинг тўйига ҳам қўл қовуштириб қараб турмасдим...

Шаҳло, Тошкент шаҳри

Фарзандлик бурчи

Бир неча йиллик ижарама-ижара саргардонликда сабр қилганимиз мукофотига ўзимизга ҳам уй-жой насиб қилди. Уйимиз олдида санаторий-профилакторий бор экан. Кўчиб ўтиб, жойлашиш ташвишларидан бўшаб, биринчи қилган ишим ота-онамни уйимиз олдидаги санаторийда даволанишга кўндириш бўлди. Олти фарзандмиз, ака-укаларимни йиғиб, ўртага пул ташлашиб, ота-онамизни санаторийга жойлаштирдик. Ўн тўрт кунлик даволанишдан кейин ота-онамнинг қувончини кўриб, бир яйрадим-ки. Фарзанд бўлиб шу пайтгача ота-онам учун рўзғоримдан ошинолмаганимга хижолат чекдим. Қайта-қайта дуо қилишди. Соддагина онамнинг:

- - Қўни-қўшни, танишларнинг санаторий, курортларда дам олганини эшитганимда Бизга ҳам шундай жойларга бориш насиб қилармикан,? деб орзу қилардим. Шукр, болаларим сабабли орзуим ушалди, деб беозор бўлиб кулганларида, ичимдан зил кетди. Биз учун тиним билмай ишлаган, хоҳлаганини еб, хоҳлаганини кия олмаган, йиллар бўйи далада ишлаб, мол боқиб олти фарзандини ҳам олий маълумотли қилиб, ўзига муносиб жуфтига қўшган ота-онамиз етмишга борганларида дам олишга эришибдилар. Боламиз учун, ўзимиз учун ўрни келса пул аямаймизу, шу даражага етгунимизча, не машаққатларни бошидан кечириб, меҳнатдан бери келолмаган ота-онамизни кўп ҳам ўйламаймиз. Ёшлигини бизга бағишлаган ота-оналаримизни кексайганларида ўзлари учун яшашларига имкон яратиб бериш биз фарзандларнинг бурчимиздир.

Гулсум, Тошкент вилояти

Мулоҳаза: Ажойиб халқмиз. Ишлашни, меҳнат қилишни биламизу, дам олишни бекорчилик деб ҳисоблаймиз. Ҳатто таниш-билиш, қариндош-уруғларимиз орасида ўзини қадрлайдиган, вақтида дам олишни унутмайдиганлари бўлса, уларга энсамиз қотиб: Қачон қарама, соя салқинда дам олиб, ўйин-кулгу қилишдан бўшамайди! , деймиз. Ваҳоланки, ўрни келса, автомашинамизни, маиший анжомларимизни таъмирлатиб, даволаймиз , ҳатто қўл телефонимизнинг батареяси чарчаб қолишини ўйлаб, авайлаб ишлатамиз. Ўзимиз топган, етишиш қийин бўлмаган матоҳларни қадрлаймизу, бир кетса қайтиб келмайдиган соғлигимиз ва қувватимизнинг қадрига етмаймиз. Сарфланган пулимизнинг ўрнини тўлдиришга уринамизу, куч-қувватимиз ва соғлигимизни тиклашни ортиқча харажат ҳисоблаймиз. Буюклардан бири аччиқ кулгу билан шундай деган экан: Инсон боласининг табиати қизиқ, умр бўйи соғлигини сарфлаб меҳнат қилади, пул топади. Умрининг охирида ёшлигида куч-қувватини аямай топган пулларини сарфлаб соғлигини тиклашга ҳаракат қилади. Аммо ҳалигача буни ҳеч ким уддалай олмаган ...

Яхши меҳнат учун яхши ҳордиқ керак

Бир неча йиллар олдин водий вилоятлари бўйлаб хизмат сафарига чиққан эдим. Фарғона вилоятидаги дўстларим ҳол-жонимга қўймай дам олиш масканига олиб боришди. Бозорлик қилдик. Бир сўлим масканга бориб сўриларни эгалладик. Гўша гавжум, дам олувчилар бирин-кетин қозон осиб, ҳар хил тансиқ таомларни тайёрлаб, ҳордиқ чиқаришаётганини кўриб, шу ёшга кириб биринчи марта бунақа жойга чиққанимни ўйладим. Ҳақиқатан асаблар тинчланиб, кайфият кўтарилар экан. Нега шу пайтгача буни билмадим, деб ўзимдан ёзғирдим. Тўғри, ишимиз кўп, ҳаёт ташвишларидан ошиниб, баъзан дам олиш кўнгилга сиғмайди. Лекин иш унуми бўлиши учун вақтида дам олишни ҳам билиш керак экан...

Сарвар, журналист

Ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 38-модда).

Меҳнат таътили нима?

Ишга жойлашилаётганида тузиладиган меҳнат шартномасида белгиланган иш вақти муддати, дам олиш ва байрам кунлари ҳақ тўланадиган меҳнат таътили кафолатланади. Меҳнат Кодексининг 133-моддасига биноан, барча ходимлар, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлаётганларга ҳам меҳнат таътили берилади. Таътилдан мақсад дам олиш ва иш қобилиятини тиклашдир. Меҳнат таътилида бўлган вақтда ходимни, унинг розилигисиз бошқа ишга ўтказиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин эмас. Таътил - - биринчи иш йили учун 6 ой ишлаганbдан кейин берилади. Иш йили меҳнат шартномасига биноан иш бошлаган кундан эътиборан белгиланади.

Билиб олинг!

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар тўғрисида ги 52-Конвенциясига кўра, Ҳақ тўланадиган йиллик таътилга бўлган ҳуқуқни истисно этувчи ёки бундай таътил олиш ҳуқуқини бермайдиган ҳар қандай келишув ҳақиқий эмас . Таътил ҳар йили, иш йили тугагунга қадар берилиши лозим.

Таътил учун қачон ҳақ тўланади?

Таътил учун ҳақ тўлаш жамоа шартномасида белгиланган муддатларда, лекин таътил бошланмасдан олдинги охирги иш кунидан кечикмай амалга оширилади.

Шунингдек, ходим истаган ва ўзи учун қулай вақтни танлаб, дам олиш имкониятига эга ҳисобланади.

Мутахассис шарҳи

Шаҳноза Саидова, Тиббиёт фанлар номзоди, шифокор:

  • Йилда ҳеч бўлмаганbда икки маротаба тоза ҳаво олиш учун тоғли ҳудудларга бориб туриш инсон саломатлиги учун жуда фойдали. Айниқса, тоғда ҳордиқ чиқариш, чанғида учиш, тоғ ҳавосидан туйиб нафас олиш бронхиал астма, аллергия, нафас олиш аъзолари касалликлари, жигар, юрак, асаб, қон айланиш тизими муаммоларини бартараф этади. Бу ёш болалар организмини чиниқтиришга ва уларнинг иммун тизимини мустаҳкамлашга ҳам катта ёрдам беради.

УНУТМАНГ:

*** Санаторийга бориш учун яшаш жойидаги поликлиникада санаторий-курорт картасини тўлдириш керак;

*** Йўлланма муддати 14 кун. Йўлланма нархига уч маҳал овқатланиш ва даволаниш киради.

Йўлланма ҳақида

Санаторийда даволаниш учун имтиёзли йўлланмалар биринчи навбатда, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ҳамда уларга тенглаштирилган шахсларга берилади. Йўлланма олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этилади:

  • Бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга кўмаклашувчи марказ раҳбарининг номига ариза;
  • паспорт нусхаси;
  • имтиёзга эга бўлиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат;
  • тиббий хулоса.

***

Ходимга уч йилда бир маротаба йўлланма берилади, бунда йўлланмаларни сотиб олишга сарфланган харажатларни қоплаш манбаи ижтимоий суғурта бюджети маблағлари ҳамда йўлланмалар сотиб олиш учун касаба уюшма бюджетидан ажратиладиган мақсадли маблағлар ҳисобланади.

***

Шифокор хулосасига кўра, санаторийда даволаниши жуда зарур бўлган ходимга, касаба уюшмаси ташкилотида йўлланма бор бўлган тақдирда, санаторий-курортлар йўлланмалари тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилган ва ходимларга берилган санаторий йўлланмалари рўйхатига киритилган ҳолда йўлланма тўлиқ қийматига берилиши мумкин.

***

Ҳудудий касаба уюшмалари бирлашмалари бошқа идораларга қарашли санаторийлар йўлланмаларини сотиб олишлари мумкин, бунинг учун бир қатор шартлар тўлиқ амалга оширилиши керак:

касаба уюшмалари йўлланмаларининг ўртача баҳосидан юқори бўлмаган нархларда;

касаба уюшмалари санаторийлари йўлланмаларини тасдиқланган йўлланмаларни тақсимлаш режасига мувофиқ тўлиқ олинган ҳолда;

Санаторий-курортлар бошқармасига аввал олинган йўлланмалари учун қарзлар тўлиқ қайтарилганbда;

бюджетнинг санаторий-курортда даволаниш моддаси учун кўзда тутилган маблағлар ортиб қолган тақдирда.

Тўловлар

Йўлланмаларнинг қисман ёки тўлиқ қийматини тўлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

банк муассасалари орқали Эълон бўйича нақд пул ёки пластик карточка орқали бирлашманинг ижтимоий суғурта бюджети ҳисоб рақамига тўланади;

касаба уюшма қўмитаси ёки тармоқ касаба уюшмалари кенгаши ғазнасига нақд пул тўланади;

корхона бухгалтерияси томонидан ходимнинг аризасига кўра иш ҳақидан ушлаб қолинади.

***

Ҳар бир йўлланма, берилган муддат ва унда кўрсатилган шахс учун ўз кучига эга. Санаторийларда даволаниш таъсирли бўлиши, соғлиқни тиклашда яхши натижалар бериши учун ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан сотиб олинган йўлланмалар бўйича даволаш муддати 14 кун қилиб белгиланган. 7 кунда эса инсон организми тўлиқ даволаниш жараёнини ўтаб улгурмайди.

Сўнгсўз ўрнида

Гўзал диёримизнинг ҳар бир вилоятида ўзига хос афзалликларга эга дам олиш ва даволаниш мажмуалари фаолият кўрсатмоқда. Йил бўйи меҳнат қилдингиз, ишладингиз, толдингиз. Йилда 14 кунингизни ўзингиз учун ажратиб, ҳаёт ташвишлари, турмуш машаққатлари, меҳнат заҳматларидан чекиниб дам олинг. Саломатлигингизни тикланг ва юртимизнинг яна-да гуллаб яшнаши учун соғлом, бахтиёр ҳамда мамнун ҳолда ҳиссангизни қўшишда давом этинг. Сизга мароқли ҳордиқ ва гўзал ҳаловатлар ҳамроҳлигини тилаймиз.

Умида АДИЗОВА тайёрлади

Azon.uz

Киритилди: 13:34 19.03.2019. Ўқилди: 3707 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!