Бугундан олий таълим муассасаларига қабул қилинган талабалар университет ётоқхонасига жойлашиш учун электрон тарзда ариза топширишлари мумкин.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг хабар беришича, «Талабалар турар жойи ахборот тизими»га маълумотларни юклаш ишлари якунланган. Шу муносабат билан 1-курс талабалари давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали ётоқхонага ариза беришлари мумкин.
Бу тизим орқали талабалар ётоқхоналарга жойлашиш учун ҳужжатларни масофадан туриб топширади ва ўз аризаси ҳолатини онлайн тарзда кузатиши мумкин бўлади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур электрон хизмат талабалар учун қулайлик яратади, ҳужжатларни тўғрилаш жараёнида ортиқча қоғозбозлик ва вақт йўқотилишининг олдини олади.
Эслатиб ўтамиз, 1 августдан 2-3-4 курс талабаларига турар жойларида яшаш учун аризаларини юбориш жараёнлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик.