Европанинг бир қатор етакчи клублари «Реал Мадрид» ҳужумчиси Винисиус Жуниорни трансфер қилиш имкониятига қизиқиш билдирмоқда, деб хабар беради Sports.kz.
TEAMtalk маълумотига кўра, бир нечта топ-клублар — «Арсенал», «Манчестер Юнайтед», «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Челси», «ПСЖ» ва «Бавария» билан 25 ёшли бразилиялик футболчининг ёзги трансфери бўйича алоқага чиққан.
Винисиус Жуниорнинг «Реал Мадрид» билан шартномаси якуний босқичга кирган, янги келишув бўйича музокаралар эса бир неча ойдан бери тўхтаб қолган. Манбаларга кўра, янги шартнома муҳокамаси фақат 2026 йилги жаҳон чемпионатидан кейин қайта тикланиши мумкин.
Шунингдек, футболчига Саудия Про-лигаси ҳам жиддий қизиқиш билдирмоқда ва уни ўз сафига қўшиб олиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланишга тайёр.
Бироқ, футболчининг ўзи аввалроқ «Реал Мадрид»да қолишни хоҳлашини маълум қилган.