Microsoft асосчиси Билл Гейтс чоршанба куни АҚШ Конгрессининг судланган педофил Жеффри Эпштейн фаолиятини текшираётган комиссиясига кўрсатма берди.
АҚШ Вакиллар палатасининг Республикачилар партиясидан сайланган аъзоси Жеймс Комер иш бўйича тергов доирасида АҚШ Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган ҳужжатларда Гейтс номи бир неча бор тилга олинганидан сўнг, унинг кўрсатма беришини расман талаб қилди.
Ҳужжатларга кўра, Гейтс ва Эпштейн ўртасидаги муносабатлар 2011 йилда, Эпштейн 2008 йилда вояга етмаганларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаганликда айбдорлигини тан олганидан уч йил ўтиб бошланган ва камида 2014 йил охиригача давом этган.
Эшитувлар ёпиқ тартибда ўтмоқда, бироқ аввалдан тайёрланган баёнотдан маълум бўлишича, Гейтс қонун чиқарувчиларга ҳеч қачон бошқа одамларга зарар етказмаганини маълум қилмоқчи.