Ўзбек миллий таомларини тайёрланиш жараёни ва овқатланиш маданияти жуда узоқ тарихга эга ва халқнинг кўп йиллик тажрибасига асосланади. Урф-одат ва анъаналар ҳудуднинг иқлим шароитидан ва маҳаллий аҳолининг турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда шаклланади. Ҳар бир ҳудуд аҳолиси миллий таомлар тайёрлаш борасида ўз услубига эга.
Айниқса Хоразм вилояти ўзининг таомлари ва уларни тайёрлашнинг махсус услуби билан машҳур. Ҳар бир таом ўзининг махсус таъмига эга. “Хоразм палови”, “Тухум барак”, “Ушоқ барак”, “Шивит оши”, қовурилган балиқ ва ҳатто нони ҳам ўзгача. Хоразм миллий таомлари Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида тайёрланадиган таомлардан фарқ қилади.
ШИВИТ ОШИ. Хоразмча лағмон, яшил лағмон номлари билан дунё таомномасига киритилган бу неъмат ёзнинг жазирама кунларидаги энг тансиқ овқатлардан бири ҳисобланади. Шивит оши ўзининг яшиллиги ва дармондориларга бойлиги билан бошқа шу турдаги овқатлардан фарқ қилади.
Шу ўринда таомнинг ўзига хослигини таъминловчи шивит ҳақида тўхталиб ўтсак! Бу ўсимлик таркибида темир, кальций, каротин, эфир мойи, флавоноидлар, А, В1, В2, РР витаминлари, фитонцитлар, минерал тузлар ва бошқа моддалар мавжуд. У клетчаткага бой бўлгани боис ичакларни тозалайди. Шунинг учун ҳам гўштли таомларга шивит қўшилади. У ҳазм қилишга ёрдам беради ва ҳазм бўлмаган таомлар қолдиғини танадан чиқариб ташлайди. Қадимдан табобатда тинчлантирувчи, ел, сийдик ҳайдовчи, йўтал ва яллиғланишга қарши, эмизикли оналар сутини кўпайтирувчи восита сифатида тавсия этилган.
Замонавий тиббиётда шивит ўтининг дамламаси қон босимини туширувчи, юрак – қон томирларини кенгайтирувчи хусусиятга эга эканлиги илмий тадқиқотларда исботланган. Шивитдан кўкат сифатида фойдаланилганда меъда шираси ажралиши, ўт ҳайдалиши яхшиланади.
УШОҚ БАРАК. Хоразм таомлари орасида ушоқ барак алоҳида ўрин тутади, тантаналарга, азиз меҳмонларга ҳам атаб пиширилади. Бу таом русларда пельмен, Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларида чучвара номи билан машҳур. Аммо ушоқ барак тайёрланиш усули билан юқоридаги таомлардан ажралиб туради. Номидан ҳам маълумки, ушоқ барак жуда майда, бош бармоқдек тугилади. Айни шу жиҳати билан рус пельменидан фарқ қилади.
Ушоқ барак одатда, чопқида чопилган қиймадан (Хоразмчасига “ижжон”дан) тайёрланади. Воҳада таомнинг қатиқли барак ва шўрва барак деб номланувчи икки тури машҳур. Қатиқли барак турида баракчалар сувда қайнатиб олиниб, чўлпида(човлида) турган жойида устидан совуқ сув ўтказилади. Сўнг қатиққа аралаштириб, совуқ ҳолда истеъмол қилинади. Шўрва баракда эса алоҳида идишда суякли гўшт ёки суякнинг ўзидан қайнатма шўрва қилиниб, сувда қайнатиб олинган бараклар устига шу шўрвадан солинади ёки бараклар олдиндан тайёрланган қайнатма шўрвада пиширилади.
Manba: gujum.uz