Россиялик невролог, тиббиёт фанлари доктори Олег Виноградов коронавируснинг белгисиз кўриниши фонида юзага келиши мумкин бўлган асоратлар ҳақида гапирди. Бу ҳақда у "360" нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, агар бемор ўзини яхши ҳис қилса ҳам шифокор чақириши керак, аммо коронавирусга чалингани ҳақида уни олдиндан огоҳлантириши лозим. Шифокор беморнинг аҳволини, мумкин бўлган асоратларга тайёргарлик кўриш керак ёки керак эмаслигини аниқлашга ёрдам беради.
Коронавирус ҳозир ҳеч бир аломатсиз, симптомсиз ўтса ҳам, 5 ва ҳатто 10 йилдан кейин салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
"Сиз буни футболчининг ҳолатига таққослашингиз мумкин. Унинг оёғи шикастланди, аммо оғриқ йўқ. У ўйнашда давом этади. Аммо кейинчалик ана шу оғриқ асорати сезилиши мумкин", деди мутахассис.
Бундай оқибатларнинг жиддийлиги тўқималарнинг кислород билан таъминланиши қанчалик оғир бўлганига, шунингдек иммунитет тизимининг вирусни енгиш учун қанча ҳаракат қилганига боғлиқ бўлади.