ОАВ хабарларига кўра, маҳаллий аҳоли Белгиянинг шимоли-шарқида жойлашган Кляйне-Брогел NATO авиация базаси яқинида камида олтита дронни кўрган. Полиция икки номаълум учувчи қурилмани қайд этган ва улар яна пайдо бўладиган тақдирда уриб тушириш мақсадида базага вертолёт юборган.
DPA агентлигининг ёзишича, Кляйне-Брогел Европадаги АҚШ ядровий қуроллари сақланадиган жойлардан бири ҳисобланади.
Қайд этилишича, 4 ноябр кечқурун Брюссел аэропорти дронлар ҳақидаги хабарлар туфайли икки марта ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Чекловлар Белгиянинг яна бир шаҳри — Льеж аэропортида ҳам жорий этилган.
Белгияда охирги ҳафталарда шунга ўхшаш ҳолатлар кўп кузатилмоқда. Жумладан, октябр ойи охирида дронлар икки марта Льеж жанубидаги Марш-ан-Фамен ҳарбий базаси устида аниқланган. Ўшанда мамлакат Мудофаа вазири буни «Белгия армиясининг юрагига қарши очиқдан-очиқ режалаштирилган ҳарбий амалмёт» дея баҳолаган. Шунингдек, октябр бошларида мамлакат шарқидаги Элзенборн ҳарбий полигони устида 15 та дрон қайд этилган.