Бугун 15 ноябрь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Бельгия Тошкентда ўз элчихонасини очади

Бельгия Тошкентда ўз элчихонасини очади

Бельгия Марказий Осиёни стратегик муҳим ҳудуд сифатида кўриб, минтақадаги иштирокини кенгайтириш бўйича янги қадам ташлади. Мамлакат ташқи ишлар вазири Максим Превонинг билдиришича, Бельгия Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ўз элчихонасини очади.

Ташқи сиёсий идоранинг таъкидлашича, Марказий Осиё – айниқса, Транскаспий коридори орқали улкан геостратегик имкониятлар яратаётган, жадал ривожланаётган минтақа. У Хитой, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистон каби йирик геосиёсий ўйинчилар чегарасида жойлашгани билан ҳам аҳамиятли.

Бир қатор хорижий давлатлар аллақачон минтақанинг келажакдаги ростдан катта ўсишига ишониб, бу ерга салмоқли инвестициялар йўналтирмоқда. Бельгия эса ўзининг иштирокини кучайтиришни стратегик инвестиция сифатида баҳоламоқда.

«Бельгиянинг дипломатик ваколатхоналари тармоғи халқаро майдонда мамлакатимиз ҳамкорлиги кенгайиши, хавфсизлик ва миллий манфаатларимиз ҳимоя қилинишида ҳал қилувчи ўрин тутади. Замонавий геосиёсий шароитда бу тармоқ янада ҳаракатчан ва самарали бўлиши шарт», – дейди Прево.

Қироллик Ташқи ишлар маҳкамаси ахборотида Транскаспий коридори орқали Европа ва Осиёни боғлайдиган янги транспорт-логистика йўналишлари айнан Ўзбекистон иштирокида шаклланаётгани, Бельгия эса бу жараёнда ўз вақтида ва фаол иштирок этишни аҳамиятли деб ҳисоблаётгани таъкидланади.

Қайд этилишича, мазкур қадам Бельгияга минтақадаги сиёсий-иқтисодий жараёнларни яқиндан кузатиш, ҳамкорлик имкониятларини эрта аниқлаш ва юзага келиши мумкин бўлган хатарларни ўз вақтида баҳолаш имконини беради.

Киритилди: Бугун 12:21. Ўқилди: 202 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!