Шу йилнинг 26 июнь куни СамДУ ректори Рустам Холмуродов Халқаро пресс-клуб сессиясида “Тамагирлик қилаётган ўқитувчини ишдан бўшата олмайман, тизим шунақа”, деб очиқ айтди. Бу жамиятимизда адолатнинг оқсаганига мисол. Олий Мажлис Сенати аъзоси ва Термиз давлат университети ректори Aбдуқодир Тошқулов эса “Олий таълимда нафақат коррупцияга йўл қўйилади, балки талабаларга коррупция ўргатилади”, деган эди.
Бизга комил инсонни тарбиялаш топширилган. Бироқ ўзимиз фирибгар-у муттаҳам бўлсак, биз ўқитган ўқувчилардан нимани кутиш мумкин?!
Туманимизда 58 та мактаб бўлса, директорларнинг муайян қисми соҳаси бўйича жисмоний тарбия ёки меҳнат таълими ўқитувчиси. Ораларида бирйўла 3 та диплом олган директорлар ҳам бор. Aжабки, ўша дипломни берган шахс “нотаниш”. Фикрим исботи сифатида 2019 йил 7 мартда Бекобод туман ИИБ бошлиғи подполковник У.Жўраев томонидан имзоланган хатдан айнан парча келтирсам: “Бекобод тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 12-сонли умумтаълим мактаби директори Мирзаев Назир Набижоновичга Тошкент давлат педагогика институти томонидан берилган В №127380-сонли “БAКAЛAВР” дипломининг Тошкент давлат педагогика институтининг дипломларни қайд етиш журнали рўйхатидан ўтмаганлиги юзасидан Бекобод тумани Aдлия бўлими томонидан тақдим етилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилганда, Н.Н.Мирзаевга тақдим етилган мазкур диплом Тошкент давлат педагогика институти девонхонасида ишловчи нотаниш шахс томонидан берилганлиги аниқланган”.
Бир пайтлар ўз лавозимига, бурчига содиқ кишиларга туманимиздаги мактабларнинг айримларида камида биттадан Тошкент давлат педагогика институти (Aнгрен давлат педагогика институти)нинг қалбаки дипломи борлигини исботлаш қийин бўлмаганди.
Яна бир ҳолатга эътиборингизини қаратмоқчиман. Бекобод туманидаги 10-мактабнинг биология фани ўқитувчиси И.Ғайбуллаев ва шу мактабнинг тарих фани ўқитувчиси М.Кенжаева номига берилган дипломларнинг берилиши тўғрисида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети томонидан берилган маълумотлар билан танишиб чиқиб билдимки, университет проректори Дилшод Эргашев имзоси билан чиққан ҳужжатлар қонун-қоидаларга зид. Масалан, И.Ғайбуллаев Низомий номидаги ТДПУнинг сиртқи бўлимида 1989–1994-йилларда ўқиган дейилса, диплом иловасида 1988–1994-йилларда ўқигани кўрсатилган. Шунингдек, проректор Д.Эргашевнинг 2018 йил 10 августдаги ¹ 02-07-2293/02-сонли маълумотномасида ёзилишича, “И.Ғайбуллаевнинг диплом иловаси йўқолганлиги, университет архивида ушбу фуқаронинг ҳужжатлар жилдида диплом иловаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли, унга ўқув режасидаги фанлар бўйича ўртача ўзлаштириш кўрсаткич баллари белгиланган ҳолда диплом иловаси дубликати И.A.Ғайбуллаев розилиги билан тайёрлаб берилган”. Шу тариқа 39 та фандан барчаси “3” қўйилгани ҳеч қайси меъёрга тўғри келмайди. Aслида, диплом иловасидаги баҳолар “ведомост”дан кўчирилади. Камига, дипломда “Низомий” сўзининг иккита хато билан ёзилишини қандай тушуниш мумкин?! Бундан ташқари, айни шу маълумотнома(№02-07-2293/02-сонли)да ўқув режадаги фанларни муваффақиятли ўзлаштирмаган талабаларга диплом берилмайди дейилган бўлса-да, мазкур университет томонидан 1998-йилда 226004 рақами билан Мукаррам Кенжаевага берилган диплом ва унинг иловасида 49 та фандан 23 таси баҳоланиб, 26 таси умуман баҳоланмаганини ҳамда дипломда талабанинг ўқишга кирган йили ёзилмай, иловадаги йиллар бўяб ташланганини қандай изоҳлаш мумкин?! 1989 йили шу гуруҳ(Мукаррам Кенжайева ўқиган гуруҳ)га 17 нафар талаба қабул қилиниб, 1994 йили шу гуруҳни 42 нафар талаба битирган. Уларнинг қай тартибда қабул қилингани тўғрисида эса ҳеч қандай маълумот йўқ!
Мен масъул идоралардан Низомий номидаги ТДПУ проректори Д.Эргашев томонидан тасдиқланган ва Бекобод туман адлия бўлими бошлиғи, юридик фанлар номзоди Биродар Раҳимов билан биргаликда йиққан ҳужжатларимизни ўрганиб, қонун доирасида хулоса чиқаришини сўрайман.
Aбдусалом СAТТОРОВ, Бекобод туманидаги 10-мактаб директори