Актёр Мўмин Ризонинг актёрлик фаолиятида бошқа ролларидан тубдан ажралиб турадиган роли бу “Бахт қуши” сериалидаги ўқитувчи Ботиржон образидир. У бу сериалда бош ролни ижро қилган бўлиб, сериалнинг бош продюсери ҳамдир.
Сериал режиссёри — Иброҳим Расулов. Сценарий муаллифи — Микойил Сулейманов. Сериалда таниқли актёрлардан Эркин Комилов, Ҳосият Ҳусанова, Раъно Ярашева, Саид Мухторов, Мўмин Ризо, Гулбаҳор Дадамирзаева, Муслимбек Йўлдошев, Нигина Анарбаева ва бошқа 40 дан ортиқ актёр ва актрисалар суратга тушишган.
Сериалда Мўмин Ризонинг рафиқаси актриса Зиёда Нормуродова, у билан партнёр бўлиб, характерли ролни ижро қилган.
Мўмин Ризонинг ўзи педагог зиёлилар оиласидан бўлганлиги учун ҳам, бу сериал ғояси унинг ўзига тегишли бўлиб, сериал мамунига кўра, келажак авлод вакилларига ўрнак бўлаётган ўқитувчилар тимсолини яратиш мақсадида суратга олинган. Сериал сценарийси бир йил давомида айнан Мўмин Ризо учун ёзилган бўлиб, унинг қаҳрамони ҳаммага ибрат бўлишга лойиқ ўқитувчи тимсолидир.
Сериал мазмунига кўра, мактаб ва ундаги ёш авлодга билим бераётган ўқитувчилар фаолияти, маҳалла, ҳамда оилавий қадриятларни, томошабинларга етказиб бериб, уларни фикр-мулоҳазага чорлайди.
Сериалнинг бош қаҳрамони ўқитувчи Ботиржон нафақат ўз касбининг фидоийси, балки садоқатли оила бошлиғи, ҳамда маҳаллага ўрнак бўлган инсондир. Оқил, фикр-мулоҳазали, оғир-босиқ, зиёли бу ўқитувчи, келажак авлодга билим беришга, ҳар бир ишда ёшларга намуна бўлишга интилади. Сериалнинг суратга олиш ишлари бир йил давом этган бўлиб, бу вақт ичида Мўмин Ризо чинакамига ўз қаҳрамони ҳаёти билан яшаган.
Суратга олиш кунларида, тоғ ён-бағрида жойлашган дала-ҳовлиларнинг бирида суратга олиш жараёнида, актёр Мўмин Ризо ролга азбаройи киришиб кетганидан ҳақиқий фалокат содир бўлишига оз қолган. Сериалдаги воқеага кўра, дала-ҳовлига шаҳардан ўз ўқувчисини қутқариш учун келган Ботиржон, ўғрилар тўдаси билан курашиши керак эди. Съёмка жараёнида, Мўмин Ризо ўқитувчи Ботиржон образида, ўғрилар ролини ижро қилган актёрларнинг ҳар бири билан муштлашаётган вақтида, буни роль эканлигини ёдидан чиқариб, ролни юракдан ижро қилганидан, ўғри ролини ижро қилаётган ижрочилардан бирининг қўлини чинакамига синдириб қўйган. Албатта, бу кўнгилсизлик. Аммо, актёр ўша лаҳзаларда ўша ўқитувчи Ботиржон ролида яшаб, чинакамига ўз ўқувчисини ўғрилардан ҳимоя қилишни ўйлаган. Шунинг учун ҳам, бу кўнгилсизлик содир бўлишига сабаб, актёр ўз ролини юракдан ҳис қилиб ижро қилганидадир.
Ўқитувчи Ботиржон ролида Мўмин Ризо, зиёлилар нафақат илмли, фидоий, меҳрибон, балки, вақти келса, ўз ўқувчилари ҳимояси учун отланишга шай мард ва жасур инсонлар бўлишини ҳам исботлаб берган.
Актёр сериал давомида ўз қаҳрамонининг ички кечинмалари, ўз оиласига бўлган меҳру вафоси, ҳамда ўз касбига бўлган садоқатини тўла-тўкис намойиш этган.
Актёрнинг бу образи ва мазкур сериал, томошабинларда ўқитувчилик касбининг машаққатли томонларигача очиб берган ҳолатда, бу касбга нисбатан чуқур меҳр ва ҳурматнинг ошишига сабаб бўлади.
“Бахт қуши” сериали тез кунларда телеканаллардан бирида намойиш этилиши кутилмоқда.