Испаниянинг «Барселона» клуби собиқ президентлари Сандро Росель ва Хосеп Мария Бартомеу Қироллик Испания футбол федерацияси ҳакамлар техник қўмитасининг собиқ вице-президенти Хосе Негрейра иши бўйича айбланувчи сифатида судга чақирилди. Бу ҳақда EFE хабар бермоқда.
Манба маълумотларига кўра, Бартомеу 17 июнь куни, 30 июнда эса Росель, Негрейранинг ўғли ва «Барселона»нинг собиқ ижроий директори Оскар Грау сўроққа тортилади.
Эслатиб ўтамиз, тергов маълумотларига кўра, 2001-2018 йиллар давомида Хосе Негрейра «Барселона»дан маслаҳат хизмати учун 7,5 миллион евро олган. 2024 йил май ойида Барселона суди каталонияликларга нисбатан пора бериш айблови бўйича ишни бекор қилган эди.
Сандро Росель «Барселона»га 2010-2014 йилларда, Хосеп Мария Бартомеу эса 2014-2020 йилларда раҳбарлик қилган.