Собиқ ҳукумат раҳбари 19 июль куни Дакканинг Муҳаммадпур туманида бандлик квотасига қарши намойишлар чоғида отиб ўлдирилган озиқ-овқат дўкони эгаси Абу Сайиднинг ўлимида айбланмоқда. Бу ҳақда Бангладеш маҳаллий нашрларига таяниб, BBC нашри хабар берди.
Шайх Ҳасинага нисбатан полиция томонидан фуқаролик тартибсизликлари пайтида бир кишининг ўлдирилиши юзасидан қотиллик бўйича тергов иши қўзғатилган. Фуқаролардан келадиган даъволарга қараб тергов иши яна кенгайтирилиши мумкин.
Пойтахт Даккада бир неча ҳафта давом этган қонли тартибсизликлар ортидан аввалги ҳукуматда фаолият юритган яна олти нафар юқори давлат амалдорларининг ҳам хатти-ҳаракатлари тергов қилинмоқда. Амалдорларга нисбатан давлат мулкини ўмариш, коррупция ва фуқароларга зўравонлик қилиш каби айбловлар қўйилган.
Шайх Ҳасина ўзига қўйилган айбловларни кескин рад этган. Адолатни тиклаш учун собиқ бош вазирни эмас, балки намойишларни ташкил этганларни жазога тортишни талаб қилган.