Бангладеш махсус трибунали Интерпол халқаро полициясига мурожаат қилиб, ҳокимиятдан ағдарилган собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани ҳибсга олиш бўйича «қизил билдириш» чиқаришни сўради. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
5 август куни Ҳасина яқин ёрдамчиси ва собиқ вазирлари билан Ҳиндистонга қочиб кетганди.
Октябр ўрталарида Бангладеш халқаро жиноий трибунали мамлакат собиқ бош вазири Шайх Ҳасинани ҳибсга олишга ордер берганди. Бангладешни 20 йилдан ортиқ бошқарган собиқ бош вазир юзлаб одамлар ҳалок бўлган намойишлар чоғида «инсониятга қарши жиноятлар»га алоқадорликда айбланиб, трибунал томонидан қидирилмоқда.
77 ёшли Ҳасина қочиб кетганидан бери оммага кўриниш бермади. Уни охирги маротаба Ҳиндистон пойтахти яқинидаги авиабазада кўришган — собиқ бош вазир у ерда вертолётда етиб борган.