— Балоғатга етмаган бола Рамазон рўзасини тутиши мумкин. Яъни бу унга фарзми? Айтинг-чи, Рамазон рўзаси ўзи кимларга фарз?
БИЛОЛ
Чиноз тумани
— Рамазон рўзаси мусулмон одамга, ақлли инсонга, балоғатга етганга, соғлом ва муқим одамга, ҳайзу нифосдан пок аёлга фарздир.
Демак, кофирга лозим эмас. Ақлидан зойил бўлган мажнунга фарз эмас. Балоғатга етмаган ёш болага рўза фарз эмас.
Касал соғайганидан сўнг қазо рўза тутиб беради. Шунингдек, мусофир юртига келганидан кейин аёл ҳайзу нифосдан тозалангандан сўнг рўза тутадилар, тутмаган рўзанинг қазосини тутиб беради.
Ҳомиладор ёки сут эмизувчи аёл ўзларига ва болаларига зиён етмайдиган бўлганда рўза тутади, ўтказиб юборган рўзаларининг қазосини тутади. Улуғ ёшдаги бобо ёки момо рўза тутишга қийналадиган бўлса, рўза тутмай қўя қолади. Унинг ўрнига фидя беради. Қийналмайдиган бўлса, рўзаларини (ёки қазосини) тутади. Шунингдек, тузалмайдиган касалмандлар фидя беради. Оғир ишда ишлайдиганлар ҳам рўза тутмаслиги мумкин.