Бугун 20 октябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Азиз Абдуҳакимов: "Президент ислоҳотлари 2030 йилда Ўзбекистонга келадиган хорижлик сайёҳлар сонини бемалол 25 миллионга етказиш имконини беради"

Азиз Абдуҳакимов: "Президент ислоҳотлари 2030 йилда Ўзбекистонга келадиган хорижлик сайёҳлар сонини бемалол 25 миллионга етказиш имконини беради"

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан замонавий транспорт тармоғини яратиш ва бу орқали туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, туризм хизматлари сифатини яхшилашга қаратилаётган эътибор натижасида 2030 йилга бориб хорижий сайёҳлар сони — 25 миллионга, ички сайёҳлар сони эса 50 миллион нафарга етиши мумкин.

Хусусан, янги халқаро аэропортлар қурилиб, уларнинг сони 18 тага етказилди. Ҳудудларда 7 та халқаро аэропорт замон талаблари асосида таъмирланмоқда. Шунингдек, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар сони йилдан-йилга ошиб бораётгани сабабли, соҳадаги етакчи хорижий экспертлар ва жамоатчилик вакилларини инобатга олган ҳолда Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт ҳам барпо қилинмоқда.

Ҳозирда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Корея, Хитой, Ҳиндистон, Малайзия, Туркия, Россия, Польша каби давлатларнинг 51 та авиакомпанияси Ўзбекистонга доимий қатновларни амалга оширмоқда. АҚШдан 22 та замонавий "Boeing" самолётининг харид қилиниши эса Ўзбекистонни Жануби-Шарқий Осиё, Европа, АҚШ ва бошқа минтақалар билан боғлаб, сайёҳлар ҳамда ишбилармонлар учун янги имкониятлар яратмоқда.

Шу билан бирга, мамлакат ичида темирйўл ва автомобиль инфратузилмаси ҳам модернизация қилинмоқда. Туристик йўналишларни боғловчи янги қулай электропоездлар ва тезюрар поездлар, электробуслар қатнови йўлга қўйилмоқда, автобус парки ҳамда йўлбўйи инфратузилмаси мамлакатимизнинг чекка ҳудудларини ҳам қамраб олган туристик маршрутлар бўйлаб ривожлантирилмоқда.

"Ўзбекистонга ташриф буюрадиган туристлар сонини 2030 йилга бориб 25 МИЛЛИОНга етказиш мақсад қилинган. Ҳозирда юртимизга ҳар ой 1 МИЛЛИОНдан ортиқ турист келмоқда. Белгиланган мақсадга эришиш учун эса бу кўрсаткични ойига 2 МИЛЛИОНдан оширишимиз лозим. Президентимизнинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, аэропортлар сонини ошириш ва уларнинг ўтказувчанлик қобилиятини яхшилаш, рейслар, меҳмонхоналар сонини кўпайтиришга қаратилган ислоҳотлари туристик инфраструктурани янада яхшилаш ва хорижлик туристлар сонини бемалол 25 МИЛЛИОНга етказиш имконини беради", — деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов.

Олиб борилаётган ислоҳотлар замонавий, қулай ва хавфсиз транспорт тизимини яратиб, Ўзбекистонни маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун янада қулай ва севимли масканга айлантириши шубҳасиз.

Киритилди: 12:05 17.10.2025. Ўқилди: 550 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!