Жаҳон тажрибасида деярли барча мамлакатлар қонунчилигида айбсизлик презумпцияси (айбдорнинг жинояти қонуний тартибда исбот қилинмагунча, у айбсиз ҳисобланади ва айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас) мавжуд.
Айбсизлик презумпцияси умумҳуқуқий норма бўлиб, унга амал қилиш жиноят процессининг барча босқичларида устувор ҳисобланади. У жиноят процессида шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолатларидан биридир.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, айбсизлик презумпцияси — бу инсоният цивилизацияси тарихидаги шахс ҳуқуқларига оид энг буюк кафолатдир. Боиси, айнан ушбу принципга мувофиқ, шахс унинг айби суднинг ҳукми билан аниқлангунига қадар айбсиз ҳисобланади.
Конституциянинг аввалги 26-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгиланган. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексида, “Судлар тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор ҳужжатларда айбсизлик презумпциясининг қоидалари келтирилган.
Янги таҳрирдаги Конституцияда айбсизлик презумпциясининг барча жиҳатлари тўлиқ ўз ифодасини топгани эътиборга молик. Шу ўринда янгиланган Конституцияда айбсизлик презумпцияси қандай ифодаланди?, деган ҳақли савол туғилиши табиий.
Бош Қомусимизда айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги белгиланди. Ушбу норма тўғридан-тўғри амал қилувчи қоида бўлиб, тергов ва суд жараёнида фақат ишончли ва қонуний далиллардан фойдаланишни таъминлайди ҳамда шахсни асоссиз равишда жавобгарликка тортилишдан ҳимоя қилади.
Агар қамоқ эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши амалиётини мисол қиладиган бўлсак, судлар томонидан олинган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатдики, 2022 йилда тергов органларидан судларга келиб тушган жами 24 118 та илтимосномадан 23 503 таси қаноатлантирилган бўлса, 485 таси рад этилган. 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 10 714 та илтимосномадан 10 379 таси қаноатлантирилган бўлиб, 335 таси рад этилган. Бунда судлар томонидан 2022 йилда 485 нафар, 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 335 нафар шахсга нисбатан асоссиз равишда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилишининг олди олинган.
Асосий қонунимизда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги мустаҳкамланди, ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги белгиланди. Бу қоидаларнинг Конституцияда белгиланиши жиноий таъқиб остидаги ҳар қандай шахсга ёки унинг яқин қариндошларига руҳий босим ва турли таҳдидлар ўтказиш, унинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби бошқа ноқонуний усуллар қўлланишини олдини олишга хизмат қилади.
Зеро, ушбу норма айбсизлик презумпцияси принципининг муҳим кафолатидир. Конституцияга киритилган мазкур инсонпарвар қоидага кўра, жиноят иши бўйича ҳар қандай далилларга нисбатан шубҳа пайдо бўлса, бундай шубҳалар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши зарур.
Яна бир муҳим норма — агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги кафолатланди. Бу ҳол жиноят бўйича ҳақиқатни аниқлаш, шунингдек, айбсиз инсонларнинг жавобгарликка тортилишини олдини олишга, айни пайтда, жиноят содир этган ҳақиқий айбдор шахс ёки шахсларни аниқлашга хизмат қилади.
Қайд этиш керакки, айбсизлик презумпсияси ҳар бир шахснинг айби судда исботланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши тамойилидир. Юртимизда жиноят содир этишда айбланаётган ёки гумон қилинаётган фуқароларга юридик ёрдам кўрсатилади. Бу уларга суд жараёнларида ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича малакали маслаҳат ва ёрдам олиш имконини беради.
Сир эмаски, суд мажлислари очиқ ўтказилади, айбланувчи ҳимояланиш, гувоҳларни жалб қилиш ва ўз фойдасига далиллар тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бу адолатли суд муҳокамасига ва айбсизлик презумпцияси тамойилининг таъминланишига хизмат қилади. Айбсизлик презумпциясининг Конституция билан мустаҳкамланиши эса судланаётган фуқароларнинг умуминсоний ҳуқуқларга риоя этилиши ва тергов жараёнларидаги муҳим инсонпарвар қоидалар жорий қилинишини кафолатлайди.
Умуман олганда, айбсизлик презумпцияси шахс ҳуқуқлари, қонунийлик ва барқарорликнинг муҳим конституциявий кафолати бўлиб, у бебаҳо ахлоқий моҳиятга ва муҳим ҳуқуқий оқибатга эгадир. Айнан мазкур конституциявий кафолатга кўра, у ёки бу жамиятдаги демократия, инсонпарварлик ва адолат даражасига баҳо бериш мумкин.
Фарҳод АШМАТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.