Австралияда 26 ёшли Мэтью Морис махсус белгиси (меткаси) бўлган балиқни тутиб олиб, бир миллион австралия долларини (атрофида 623 минг евро) қўлга киритди. Эркак футбол машғулотидан сўнг Дарвин шаҳри яқинида иниси билан балиқ овлайтганида, қармоғига 80 сантиметрлик баррамунди балиғи илинган.
Маълум бўлишича, бу балиқ ҳар йили ўтказиладиган «Million Dollar Fish» танлови иштирокчиси бўлган. Ташкилотчилар Австралиянинг Шимолий ҳудудидаги сув ҳавзаларига пул мукофоти кўзда тутилган махсус белгили баррамундиларни қўйиб юборади.
Бу мавсумда сувга 101 та мукофотли балиқ чиқарилган: уларнинг 100 таси 10 минг австралия доллари, фақат биттаси эса 1 миллионлик бош мукофотга эга эди. Морис айнан ўша ягона бош мукофотли балиқни тутиб олди ва танловнинг 12 йиллик тарихида бош совринни қўлга киритган иккинчи ғолибга айланди.
Ютуқ ҳақида балиқчига Шимолий ҳудуд ҳукумати раҳбари Лия Финоккьяро шахсан хабар берган. Хушхабарни эшитган эркак кўз ёшларини тутолмай, дарҳол онасига қўнғироқ қилди. У қўлга киритилган пулни уй сотиб олишга, қарзларини узишга ва шахсий эҳтиёжларига сарфлашни режалаштирмоқда.