The Wall Street Journal хабарига кўра, биржадан ташқари савдоларда Теsla акциялари 3,5 фоизга, SpaceX акциялари эса 3,6 фоизга пасайган.
Сайлов кампанияси давомида Маск Республикачиларни қўллаб-қувватлаш учун энг кўп маблағ ажратган ҳомийга айланганди. Миллиардер партия учун умумий ҳисобда камида 446 миллион доллар сарфлаган.
ХТB савдо платформаси тадқиқотлар директори Кэтлин Брукснинг айтишича, демократларнинг ғалабаси Маскнинг Теsla ва SpaceX компанияларини бирлаштириш режасини амалга оширишни қийинлаштириши мумкин. Маск бу режани октябр ойида эълон қилганди.
"Конгресс Tesla ва SpaceX'нинг бирлашувини тўхтата олмаса-да, қўшимча текширувлар орқали бу жараённи секинлаштириши мумкин. Шу сабабли ҳар икки компания учун сиёсий хавфлар кучайди. Бу эса уларнинг акциялари нархига салбий таъсир кўрсатади", — деди Брукс.
Инвесторларни хавотирга солаётган яна бир жиҳат — Илон Маск ўз бизнесининг асосий қисмини Техас штатида жойлаштиргани. У айниқса шу штатдаги республикачиларни фаол қўллаб-қувватлаган. Бироқ дастлабки натижаларга кўра, одатда республикачиларга овоз берадиган Техас аҳолиси бу сафар демократларни танлади. Бунга қадар демократлар Техасда губернаторлик сайловида охирги марта 1990 йилда, Сенат сайловида эса 1988 йилда ғалаба қозонганди.
3 ноябр куни АҚШда Конгрессга оралиқ сайловлар бўлиб ўтди. Демократлар Вакиллар палатаси ва Сенатда кўпчиликни қўлга киритиб, Республикачиларни мағлуб этди. Associated Press маълумотларига кўра, Демократлар Вакиллар палатасида камида 228 та ўринни эгаллаган. Шунингдек, улар Сенатда Республикачиларга тегишли бўлган камида еттита ўринни қўлга киритган. Овозларни санаш давом этмоқда.