Малака тест синовларида 5 минг 95 нафар педагог 86 ва ундан юқори натижа қайд этди.
Бу ҳақда АОКАда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Унга кўра, жорий йилги аттестация синовлари мамлакатимиз миқёсида бир хил вақтда — 15 апрель куни бошланди ҳамда 14 майга қадар давом этди. 15-16 май кунлари умумтаълим ташкилотларига педагог касбига биринчи марта ишга қабул қилинган стажёр-ўқитувчилар иштирокида касбий сертификатлаш синовлари ташкил этилди.
Қайд этилишича, амалиётга жорий этилган янги тизим асосида малака тоифасини олиш синовлари икки босқичда ўтказилди. Биринчи босқичда мутахассислик фанидан педагогларнинг билими, яъни билиш, қўллаш, мулоҳаза қилиш кўникмалари ва иккинчи босқичда номзодларнинг педагогик маҳоратлари баҳоланди. Синов материаллари соҳа мутахассислари, олимлар ва амалиётчи педагоглар иштирокида халқаро тестология меъёрлари асосида ишлаб чиқилди.
Белгиланган мезонлар асосида 46 та фандан учта — ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида 30 мингга яқин назорат синов материаллари тайёрланди. Тест синовлари мамлакатимиздаги 13 та таълим объектларида белгиланган график асосида ўтказилди. Жамоат хавфсизлиги ва тартибини сақлаш учун Миллий гвардия ва Ички ишлар ходимлари жалб этилди.
Малака тест синовларида иштирок этиш учун 190 минг нафарга яқин педагог онлайн ариза топширган бўлиб, уларнинг 177 минг 640 нафари ёки умумий аризачиларнинг 95 фоизи жараёнларда қатнашди. Аттестация синовларида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳодиса кузатилмади. Тартиб-қоидаларни бузгани сабабли 75 нафар педагог синовлардан четлаштирилди ҳамда бу ҳақда ўрнатилган тартибда далолатномалар расмийлаштирилди.
Аттестация синовларининг иккала босқичида ҳам қатнашиб 86 ва ундан юқори балл олган олий ёки биринчи тоифага эга бўлган (ёки сақлаган) педагогларнинг базавий тариф ставкаларига қўшимча 70 фоиз устама белгиланади.