Мамлакат президенти Қосим Жўмарт Тўқаев Мудофаа вазирлигидаги вазиятни кескин танқид қилди. Бунга Каспий денгизидаги ҳарбий машғулотлар вақтида 17 ҳарбий хизматчининг кучли тўлқин олиб кетиши ва 14 нафари ҳалок бўлиши сабаб бўлди.
Тўқаевнинг айтишича, машғулотларда ҳарбийлар зарур жиҳозлар, жумладан, қутқарув жилетлари билан таъминланмаган. У бу воқеани армиядаги тизимли муаммолар ва масъул мансабдорларнинг касбий тайёргарлиги билан боғлиқ камчиликлар билан изоҳлади.
Шундан сўнг Қозоғистон Мудофаа вазирлигида комплекс текширув бошланди. Ҳарбий соҳада кадрлар бўйича ўзгаришлар ҳам амалга оширилган. Тўқаев қўмондонлик тизимини халқаро тажриба асосида қайта қуриш ва янги намунадаги армияни шакллантириш кераклигини айтди.