Арманистон ташқи ишлар ва халқаро савдо вазири ўринбосари Ваан Костаняннинг Арманистон жамоат телекомпаниясига берган интервьюсида таъкидлашича, Туркия, Озарбайжон, Грузия ва Эрон билан энергетика соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш мамлакат энергетика тизимининг ташқи таъсирларга чидамлилигини оширади.
Арманистон, Туркия ва Озарбайжон энергетика тизимларининг яқинлашувини мамлакат энергетик мустақиллигига таҳдид деб ҳисоблаётган мухолифат вакилларининг танқидларига муносабат билдирган Костанян бундай хавотирлар психологик ва сиёсий омиллар билан боғлиқлигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, Арманистон 30 йилдан ортиқ вақт давомида «типратикан каби» яккаланган ҳолда яшашга ҳаракат қилган, аммо бу стратегия кутилган натижани бермаган.
Костанян Ереван ҳозирда Грузия билан қўшма лойиҳаларни амалга ошираётганини, Эрон билан эса учинчи электр узатиш линиясини қуриш ишлари олиб борилаётганини эслатди.
Туркия билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапирар экан, дипломат Туркия энергетика тизими Европа энергетика макони таркибига киришини ва у ерда юқори техник ҳамда меъёрий стандартлар амал қилишини таъкидлади.
Унинг маълум қилишича, ҳозирда Арманистон, Туркия ва Озарбайжон энергетика тизимларини «орол усули» деб аталувчи механизм орқали боғлаш масаласи муҳокама қилинмоқда. Келгусида уларни тўлиқ синхронлаштириш имконияти ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Бунинг учун Арманистон энергетика тизимини Европа стандартларига мувофиқлаштириши талаб этилади.
«Бу бизнинг энергетика тизимимизни Европа стандартларига мослаштиришимиз кераклигини англатади», — деди Костанян.
Унинг қўшимча қилишича, бундай ҳолатда гап фақат Туркия билан энергетик тизимларни синхронлаштириш ҳақида эмас, балки Европа энергетика маконига қўшилиш ҳақида бормоқда. Бунинг учун Европа энергетика тармоғининг розилиги ва белгиланган техник талабларни бажариш зарур бўлади.