7 июнь куни Арманистонда Миллий мажлис сайловлари бўлиб ўтади. Бу галги сайловлар нафақат ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги рақобат, балки Ереван ва Москва ўртасидаги геосиёсий қарама-қаршилик сифатида ҳам баҳоланмоқда.
Бош вазир Никол Пашинян бошчилигидаги ҳукумат мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан яқинлашувини қўллаб-қувватламоқда. Пашинян ҳатто зарурат туғилса, Арманистоннинг КХШТдан чиқиши мумкинлигини ҳам маълум қилган.
Мухолифат эса бир нечта сиёсий кучлардан иборат бўлиб, улар орасида россиялик миллиардер Самвел Карапетян раҳбарлигидаги «Кучли Арманистон» блоки, собиқ президент Роберт Кочарян бошчилигидаги «Арманистон» блоки, тадбиркор Гагик Царукян партияси ҳамда собиқ омбудсман Арман Татоян жамоаси бор.
Пашинян ва уни қўллаб-қувватловчи оммавий ахборот воситалари мазкур сиёсий кучларни Кремль билан алоқадорликда айбламоқда. Айниқса, Самвел Карапетяннинг Россиядаги бизнес ва сиёсий доиралар билан яқин муносабатлари муҳокамалар марказида турибди.
Таҳлилчилар фикрича, сайлов натижалари Арманистоннинг ташқи сиёсий йўналишини белгилаб бериши мумкин. Агар Пашинян ғалаба қозонса, мамлакатнинг Европа билан интеграцияси янада фаоллашиши эҳтимоли юқори. Мухолифатнинг муваффақияти эса Россия билан муносабатларни тиклашга қаратилган сиёсатнинг кучайишига олиб келиши мумкин.
Шу тариқа, 7 июнь куни бўлиб ўтадиган овоз бериш нафақат Арманистон ички сиёсати, балки бутун Жанубий Кавказдаги геосиёсий мувозанат учун ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.