Арманистон ва Фаластин ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги коммюнике имзоланди, дея хабар бермоқда Арманистон ТИВ матбуот хизмати. Ҳужжат 27 сентябрь куни Нью-Йоркда Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян ва Фаластин бош вазири Муҳаммад Мустафо ўртасидаги учрашувда имзоланган.
Учрашувда томонлар минтақадаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашиб, гуманитар муаммоларни ҳал этишда халқаро ҳамкорлик муҳимлигини таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил июнь ойида Арманистон Фаластин давлатини расман тан олган эди. Шундан сўнг Арманистон ТИВ Ғазо секторидаги ҳалокатли гуманитар вазият ва давом этаётган ҳарбий можаро халқаро эътиборни талаб қилишини таъкидлади.
Арманистон узоқ вақт давомида Жанубий Кавказда Фаластин давлатини тан олмайдиган ягона давлат бўлиб қолди, қўшни Грузия ва Озарбайжон эса 1992 йилда Фаластинни тан олди.