Аргентина парламентининг депутатлар палатаси мамлакат президенти Хавьер Милей томонидан Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган $LIBRA криптовалютаси билан боғлиқ жанжални текшириш бўйича комиссия ташкил этишни маъқуллади.
ТАСС хабарига кўра, депутатлар конгрессга ҳукумат раҳбари Гильермо Франкос, иқтисодиёт вазири Луис Капуто, адлия вазири Мариано Кунео Либарона ва қимматли қоғозлар комиссияси раҳбари Роберто Сильвани чақириш таклифини қабул қилган. Улар депутатларнинг саволларига жавоб бердилар.
— Овоз бериш натижаларига кўра, 128 нафар депутат “қўллаб-қувватлади”, 93 нафари “қарши”, 7 нафари “бетараф” қолди. Шу тариқа, депутатлар палатаси $LIBRA иши бўйича тергов комиссиясини ташкил этишни маъқуллади, — дейилади палатанинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
14 февраль куни Милей ўзининг Х ижтимоий тармоқдаги саҳифасида $LIBRA криптовалютаси ёрдамида Аргентинадаги кичик бизнесга сармоя киритишни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳа ҳақидаги маълумотларни жойлаштирди. Президентнинг баёнотидан сўнг криптовалютанинг қиймати 5 долларга кўтарилган, кейин эса 1 долларгача тушиб кетган. Криптовалюта эгалари нархларнинг кўтарилишидан миллионлаб доллар фойда олишди.
Бу эълондан сўнг мухолифат президентни турли жиноятларда айблади: пул ювиш ва бепарволик, давлат хизматчисига тўғри келмайдиган фаолият билан шуғулланиш. Эндиликда Аргентина прокуратураси ушбу иш бўйича тергов бошлади.