Аргентина футбол ассоциацияси (AFA) президенти Клаудио Тапия ижтимоий суғурта бадалларини тўламаслик иши бўйича прокуратурага сўроққа чақирилди.
У билан бирга ташкилот ғазначиси Пабло Товигино ҳам ушбу иш бўйича айбланмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳар икки мутахассисга мамлакатдан чиқиб кетишни тақиқлади.
Сўроқ жараёни 5 март кунига белгиланган. Мазкур жиноят иши AFA томонидан давлат ғазнасига 13 миллион доллар миқдоридаги ижтимоий ажратмалар ўтказилмагани аниқлангач қўзғатилган.
Бундан ташқари, тергов давомида қуйидаги шубҳали ҳолатлар ҳам ўрганилмоқда:
Тапиянинг шахсий мулки: Унга тегишли бўлган, майдони 10 гектарни ташкил этувчи ва вертолёт майдончасига эга бўлган ҳашаматли ҳовли.
Мукофот пуллари: Футболчиларга тўланган бонуслар миқдори раҳбариятнинг дунё бўйлаб парвозлари учун сарфланган харажатлардан анча камлиги прокуратура эътиборини тортган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу тергов ҳаракатлари сабабли Аргентина терма жамоаси ЖЧ-2026 дан четлатилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди, бироқ ФИФА ҳозирча вазиятни кузатиш билан чекланмоқда.