АҚШнинг Яман шимоли-ғарбидаги Саада шаҳридаги муҳожирлар марказига берган зарбаси оқибатида ҳалок бўлганлар сони 68 кишига етди, 47 киши яраланди. Бу ҳақда Ямандаги “Ансор Аллоҳ” ҳаракатининг Al Masirah телеканали маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.
Аввалроқ 35 киши ҳалок бўлгани, 50 киши яралангани хабар қилинган эди. Телеканал маълумотларига кўра, жароҳатланганларнинг аксарияти оғир аҳволда.
Воқеа содир бўлган вақтда марказда 115 нафар муҳожир бўлган. Улар асосан Африка давлатларидан келган фуқаролардир.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ғазо секторидаги вазият кескинлашганидан сўнг, ҳусийлар Исроил ҳудудига ҳужум қилиб, Қизил денгиз ва Боб ал-Мандеб бўғози орқали Исроил билан алоқаси бўлган кемаларнинг ўтишига йўл қўймасликларини маълум қилган эди.
15 март куни АҚШ президенти Дональд Трампнинг буйруғига кўра, АҚШ қуролли кучлари Ямандаги ҳусийлар назоратидаги нишонларга оммавий ҳаво ҳужумларини бошлади. АҚШ Марказий қўмондонлиги бу операциядан мақсад Америка манфаатларини ҳимоя қилиш ва Қизил денгизда кемаларнинг хавфсиз ўтишини таъминлаш эканлигини тушунтирди.
Бунга жавобан “Ансор Аллоҳ” ҳаракати Қизил денгиз шимолида жойлашган Harry Truman авиаташувчи кемасига бир неча бор ҳужум қилишга уринди.