Либерманнинг таъкидлашича, АҚШ жамоатчилигида Исроилни қўллаб-қувватлаш даражасининг пасайиши бундай қарорни эҳтимолий қилиб қўяди. Унинг фикрича, Вашингтоннинг кейинги маъмурияти Фаластин давлатини тан олиш билан бирга, унинг БМТда тўлақонли аъзо бўлишини ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин.
Айни пайтда Либерманнинг ўзи Фаластин маъмуриятини тугатиш, Осло келишувларини бекор қилиш ҳамда Исроил томонидан ишғол қилинган Ғарбий Соҳилнинг C зонасини аннексия қилиш тарафдори эканини билдирган.
Унинг таъкидлашича, Трамп АҚШ президенти бўлиб турган даврда Вашингтон Фаластин давлатини бир томонлама тан олишга қарши анъанавий сиёсатини давом эттиради. Бироқ Трампнинг президентлик муддати тугагач, АҚШнинг мазкур масаладаги ёндашуви ўзгариши мумкин.
Либерман, шунингдек, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуни ноқонуний исроиллик кўчманчиларга нисбатан «юмшоқ муносабат»да бўлишда танқид қилди. Унинг фикрича, кўчманчиларнинг ҳаракатлари Исроилнинг ўзига ҳам зарар етказмоқда, чунки бу ҳолат Фаластин масаласини халқаро оммавий ахборот воситалари кун тартибида сақлаб қолмоқда.
Фаластин давлатини тузишга муқобил вариант сифатида Либерман ишғол қилинган Ғарбий Соҳил ҳудудида Исроил-Иордания конфедерациясини ташкил этиш таклифини илгари сурди.