Бу ҳақда Америка флоти қўмондонлиги маълум қилди. Гуруҳни кўчиришга буйруқ берган президент Доналд Трамп буни Венесуэладан гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш доирасида амалга ошираётганини айтган эди.
Америка флоти 11 ноябр куни авиаташувчилар гуруҳи АҚШ Жанубий қўмондонлиги масъул бўлган зонага (Кариб денгизи ва Лотин Америкаси мамлакатларини ўз ичига олади) киргани ҳақида хабар берди.
USS Gerald Ford'да бир неча ўнлаб жанговар самолётлар жойлаштирилган. Унинг экипажи учувчилар ҳамда самолётларга хизмат кўрсатувчи техник ходимлар билан қўшиб ҳисоблаганда 4,5 минг кишидан ортиқ. Авиаташувчига бир неча ракетали эсминецлар ҳамда бошқа жанговар ҳамда кўмакчи кемалар ҳамроҳлик қилади.
АҚШ флоти ва авиацияси бир неча ойдан бери Кариб денгизи ва Тинч океанида ҳаракатланган кичик кемаларга зарба бермоқда, АҚШ раҳбарияти улар гиёҳванд моддалар ташишда фойдаланилганини иддао қилади. Камида 19 та кемага зарба берилган, натижада камида 76 киши ҳалок бўлган.
Венесуэла етакчиси, сўл социалист Николас Мадуро ва мамлакат раҳбариятининг бошқа вакиллари АҚШ уларни ҳокимиятдан четлатиш мақсадида сунъий равишда инқироз яратаётганини даъво қилмоқда.