Куба ҳар қандай хорижий ҳарбий тажовузга қарши туришга қатъий қарор қилган ва бундай эҳтимолий вазиятга тайёргарлик кўрмоқда.
Бу ҳақда мамлакат президенти Мигель Диас-Канель маълум қилди, деб хабар бермоқда Granma нашри.
Куба раҳбарининг таъкидлашича, мудофаа тайёргарлигининг кучайтирилиши АҚШ сиёсатчилари ва ҳукумат вакилларининг Кубага қарши ҳарбий операция ўтказиш тарафдори экани ҳақидаги кўплаб баёнотлари билан боғлиқ.
"Биз мамлакатимизга қарши ҳар қандай хорижий ҳарбий тажовузга қатъий жавоб қайтаришга тайёрмиз. Бундай вазият юзага келиши эҳтимолига ҳозирлик кўряпмиз", — деди Диас-Канель Бойерос муниципалитетида ўтказилган мудофаа тадбирлари чоғида.
Президентнинг маълум қилишича, Куба ҳукумати тинчлик даврида мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида ҳарбий ҳолат учун мўлжалланган бошқарув механизмларини ишга туширган.
"Айнан ҳарбий тажовуз ҳақида қайта-қайта билдирилаётган таҳдидлар бизни ҳарбий даврга мўлжалланган тузилмаларни тинчлик шароитида ишга туширишга ва аҳолини мудофаага жадал тайёрлашни бошлашга мажбур қилди", — дея тушунтирди у.
Диас-Канель Кубада ҳар ҳафта умуммиллий мудофаа тайёргарлиги тадбирлари ташкил этилаётганини ҳам маълум қилди.
Ушбу машғулотларга ҳарбий хизматчилар, маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда тинч аҳоли жалб қилинмоқда. Улар қуролли тўқнашув бошланган тақдирда қандай ҳаракат қилиш кераклигини машқ қилмоқда.
Бундан ташқари, ўтган ҳафта Кубада "Монкада-2026" номли кенг кўламли стратегик ҳарбий машғулотлар ўтказилди.
Куба президенти мамлакат ҳозирги мураккаб шароитларга қарамай, социалистик тараққиёт йўналишидан воз кечмаслигини ҳам таъкидлади.
"Ҳозирги шароитда биз АҚШ ҳукуматидан мамлакатимизга нисбатан блокадани бекор қилиш ва тўхтатишни, Куба халқини жамоавий қўрқитишга чек қўйишни, бутун халқимизни дучор қилмоқчи бўлаётган ушбу геноцид хусусиятидаги тажовузни тўхтатишни талаб қилишимиз керак", — деди Диас-Канель.
Granma нашрининг хабар беришича, Хосе Марти номидаги халқаро аэропорт жойлашган Бойерос ҳудудида мудофаа тайёргарлигига 36 та ишлаб чиқариш-мудофаа бригадаси жалб қилинган.