ClassAction ресурсининг хабар беришича, Meta компанияси фойдаланувчиларнинг шахсий хабарларини учинчи шахсларга топширганликда айбланмоқда.
Даъвогарларнинг таъкидлашича, WhatsApp "тўлиқ шифрлаш" (end-to-end encryption) ҳақидаги ваъдаларига қарамай, хабарларни ташқи пудратчиларга юбориши мумкин. Тизим "шикоят қилиш" функцияси орқали ишлайди: фойдаланувчи шикоят қилганда, охирги бир нечта хабарлар ва илова қилинган файллар шифрдан чиқарилиб, модерация билан шуғулланувчи компанияларга юборилади.
Даъво аризасида Accenture компанияси асосий пудратчи сифатида тилга олинган, бироқ бундай ижрочилар тармоғи бутун дунё бўйлаб ёйилгани айтилмоқда. Фойдаланувчилар бу амалиёт ҳақида етарлича огоҳлантирилмаган, бу эса махфийлик сиёсатига зиддир.
Meta аввалроқ хабарлардан фақат хавфсизлик мақсадида ва чекланган ҳолларда фойдаланилишини билдирган эди. Бироқ даъвогарлар бу жараён анча жиддий эканини айтишмоқда.
"WhatsApp’даги шифрлаш миллиардлаб фойдаланувчиларни чалғитувчи тарихдаги энг йирик истеъмолчилар алдови бўлиши мумкин. Баёнотларга қарамай, сервис хабарларни ўқийди ва уларни учинчи шахслар билан бўлишади. Telegram ҳеч қачон бундай қилмаган ва қилмайди ҳам", — деб Павел Дуров ўзининг Х саҳифасида ушбу вазиятга муносабат билдирди.