Род-Айленд штатининг Провиденс шаҳри мэри украиналик Ирина Заруцкая хотирасига бағишланган, ҳали якунланмаган мурални ўчириб ташлашни талаб қилмоқда.
Fox News хабарига кўра, демократ мэр ушбу тасвирни "жамиятни парчаловчи" ва шаҳар қадриятларига зид деб атаган. Вазият шундаки, ушбу мемориал лойиҳаси Илон Маск томонидан қўллаб-қувватланган бўлиб, бизнесмен 2025 йил сентябрида бунинг учун 1 миллион доллар хайрия қилишини билдирган эди.
Бу воқеа Қўшма Штатлардаги икки сиёсий лагер ўртасидаги баҳсни янада авж олдирди. Трамп тарафдорлари украиналик аёлнинг ўлдирилишини демократларнинг жиноятчиликка нисбатан юмшоқ сиёсати оқибати сифатида кўрсатмоқда, чунки қотил аввал ҳам қўлга олинган бўлса-да, кейинчалик озодликка қўйиб юборилган. Ўз навбатида, шаҳар маъмурияти бу каби муралларни молиялаштираётганларнинг асл мақсади сиёсий бўлиниш келтириб чиқариш эканини даъво қилмоқда.
Ўтган ҳафтада ишни бошлаган рассом эса бу мемориалда ҳеч қандай сиёсий мақсад йўқлигини ва у фақат инсоний фожиани хотирлаш учун чизилаётганини таъкидламоқда. Шунга қарамай, маҳаллий ҳукумат ва лойиҳа ҳомийлари ўртасидаги қарама-қаршилик кучайишда давом этмоқда.