Бугун 15 ноябрь, 2026 йил, якшанба

O'ZB

АҚШда мамлакат бўйлаб авиақатновлар тўхтаб қолишига сабаб бўлган ҳолатнинг айбдори маълум қилинди

АҚШда мамлакат бўйлаб авиақатновлар тўхтаб қолишига сабаб бўлган ҳолатнинг айбдори маълум қилинди

Мамлакатдаги барча аэропортлардан самолётларнинг учиши тўрт соат давомида тақиқланишига олиб келган авиақатновлар тизимидаги носозликка АҚШ Федерал авиация бошқармаси (FAA) объектларидан бирида мис кабелларни оптик толали кабелларга алмаштириш ишлари сабаб бўлган.

The Wall Street Journal (WSJ) нашри хабар беришича, бу ҳақда АҚШ транспорт вазири Шон Даффи маълум қилган.

У ҳодиса учун пудратчи — L3Harris компаниясини жавобгар деб ҳисоблашини билдирган. Вазирнинг сўзларига кўра, компания носоз маршрутизатор ўрнатган ёки «ўз ишини лозим даражада бажармаган».

«Ҳозир биз ҳақиқатан ҳам малакасизликка йўл қўйилган-қўйилмаганини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз. Очиғини айтганда, айбдорларни жавобгарликка тортиш ниятидамиз», — деди Даффи.

Вазирнинг таъкидлашича, L3Harris компанияси жума куни амалга оширган ишлар режали техник хизмат кўрсатишдан иборат бўлиб, жиддий узилишларга сабаб бўлмаслиги керак эди. Бироқ маршрутизатор алмаштирилганидан сўнг, қурилма парвозларни бошқариш тизимининг бошқа узелларига узлуксиз равишда уланиш сўровларини юбора бошлаган. Ҳар 4–5 сонияда тахминан мингта сўров юборилган.

Бу эса самолётлар билан радиоалоқа ва радарлардан маълумот узатишда узилишларга олиб келган.

WSJ қайд этишича, L3Harris компанияси FAA билан бир неча ўн йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келади. Компания ички текширувга ёрдам бераётганини маълум қилган.

«L3Harris мамлакат бўйлаб самолётларнинг учиши тақиқлангани ва бунинг йўловчилар, авиакомпаниялар ҳамда ҳаво ҳаракатини бошқариш тизими фаолиятига кўрсатган оқибатларига жиддий ёндашади», — дейилади компания баёнотида.

Киритилди: Бугун 11:55. Ўқилди: 388 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар