АҚШ хавфсизлик хизматлари футбол бўйича жаҳон чемпионати вақтида дронлар орқали эҳтимолий ҳужумлар уюштирилиши мумкинлигидан хавотирда, деб ёзади Politico нашри.
Мусобақа бошланишига бор-йўғи бир неча ҳафта қолган бир пайтда, маҳаллий ва федерал ҳокимият органлари ҳали ҳам юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларга зудлик билан тайёргарлик кўришга ҳаракат қилмоқда, дея қайд этади нашр. Шу билан бирга, учувчисиз учиш аппаратларини (УУА) кузатиш ва уларга қарши курашиш учун мўлжалланган ускуналар етишмаётгани таъкидланмоқда.
Мақолада алоҳида қайд этилишича, АҚШ Махфий хизмати раҳбари Шон Карран идора дронларга қарши ҳаракат қилиш технологияларини сотиб олишда қийинчиликларга дуч келаётганини тан олган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ҳудудида режалаштирилган 78 та учрашувдан 8 тасига мезбонлик қилувчи Лос-Анжелес ҳудуди ҳам беспилотникларни аниқлаш ва зарарсизлантиришга ҳали тайёр эмас.