Лос-Анжелесда уч кундан бери АҚШ президенти Доналд Трампнинг иммиграция сиёсатига қарши оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда.
Оммавий тартибсизликлар АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати ходимларининг Лос-Анжелесдаги ноқонуний хорижликларни аниқлаш мақсадида ўтказган рейдига қарши норозилик ортидан бошланиб кетган.
Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурхановнинг билдиришича, мазкур намойишларда ҳозирда Ўзбекистон фуқароларининг иштироки тўғрисида расмий тасдиқланган бирор маълумот йўқ.
Шу билан бирга, АҚШдаги барча ўзбекистонликлар ушбу мамлакатнинг амалдаги қонун-қоидаларига қатъий амал қилишга, тинчлик ва хавфсизликни бузиши мумкин бўлган ҳар қандай оммавий намойишларда иштирок этмасликка чақириляпти.
“Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади. Зарур ҳолларда фуқароларимиз АҚШдаги Элчихонамиз ва Бош консулхоналаримизга мурожаат қилишлари мумкин”, – дейди ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурханов.