Лос-Анжелес шаҳрида сунъий интеллект (СИ) ёрдамида яратилган мусиқа ва бу йўналишда фаолият юритаётган ижодкорлар учун мўлжалланган AI Music Awards мукофотини топшириш маросими илк бор бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Асосий мукофотлар виртуал R&B ижрочиси Xania Monet’га насиб этди. Унинг қўшиғи СИ ижрочиси томонидан яратилган ва Billboard радиочартларидан бирига кирган илк композиция бўлди. Тадбир муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ баҳслар ва генератив сунъий интеллект мусиқа саноатида инсонларнинг ўрнини эгаллаб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар кучайган бир пайтда ўтказилди.
Маросим иштирокчилари СИ ёрдамида яратилган мусиқани инсоннинг ўрни муҳим бўлган алоҳида ижодий йўналиш сифатида қабул қилиш лозимлигини таъкидлашди.
Сунъий интеллект ёрдамида яратилган энг яхши хип-хоп композицияси учун мукофотни топширар экан, мусиқий продюсер Дрейк Мерфи технологиялар билан ишлашда муаллифларнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратди.
«Айримлар сунъий интеллектни “сохталик” деб атайдиган дунёда унинг ортида турган инсон мутлақо ҳақиқийдир», — деди у.
Xania Monet учта асосий номинация — «Йил ижрочиси», «Йил қўшиғи» ва «Йил альбоми» бўйича ғолиб бўлди. Унинг виртуал образини Телиша «Никки» Жонс яратган. У қўшиқ матнларини ўзи ёзади, сўнгра сунъий интеллект ёрдамида уларни мусиқий композицияларга айлантиради.
Лойиҳанинг How Was I Supposed to Know? номли қўшиқларидан бири Billboard радиочартига киргач, мусиқа саноатида катта эътибор қозонди. Жонснинг сўзларига кўра, СИ ёрдамида яратилган мусиқа янги ҳодиса бўлиб, тингловчилар унга кўникишига тўғри келади. Унинг фикрича, бу йўналиш яқин орада йўқолиб кетмайди.
Ғолибларни сунъий интеллектдан ўз ижодида фойдаланадиган ва Sonic Intelligence Academy таркибига кирувчи мусиқачилар танлашди. Ушбу ташкилот бундай мусиқалар учун чартлар, шунингдек, СИ ёрдамида яратилган композицияларни аниқлаш воситаларини ишлаб чиқади.
Мусиқачилар сунъий интеллект ёрдамида яратилган треклар инсон ижрочиларининг илгари сурилишига тўсқинлик қилиши ҳамда хонандалар, қўшиқ муаллифлари, продюсерлар ва овоз режиссёрларига бўлган талабни камайтиришидан хавотирда.
Шу билан бирга, AI Music Awards иштирокчилари технология мусиқий маълумоти ёки мустақил равишда композиция яратиш учун етарли кўникмалари бўлмаган инсонларга ўз ғояларини амалга оширишда ёрдам беришини таъкидлашмоқда.
«Кенг тарқалган фикрдан фарқли ўлароқ, саҳна ортида қилаётган ишларимизнинг кўп қисми оғир меҳнат талаб қилади… Санъат — бу санъат. Менимча, бу унинг яна бир кўринишидир», — деди мукофотга номзод бўлган Ж. Фреквент.