Вашингтондаги Рональд Рейган аэропорти яқинида American Airlines йўловчи самолёти билан тўқнашган Black Hawk ҳарбий вертолётини аёл учувчи бошқарган.
Бу ҳақда ABC телеканали табиий офат оқибатларини мувофиқлаштириш бўйича бирлашган қўмондонлик марказида ишлайдиган собиқ армия учувчиси Жонатан Козиолга таяниб хабар берди.
"Козиол тасдиқладики... ўша вақтда парвозни бошқарган учувчи аёл 500 соат парвозга эга бўлган”, — дея хабар беради телеканал.
Аввалроқ телеканал Black Hawk экипажи катта тажриба ва минглаб парвоз соатларига эга эканлиги ҳақида хабар берган эди. Телеканал маълумотларига кўра, бортда уч нафар ҳарбий хизматчи: инструктор, учувчи ва борт муҳандиси бўлган. Инструктор 1000 соатдан ортиқ, учувчи 500 соатдан ортиқ, борт муҳандиси ҳам "юзлаб соат парвоз тажрибаси"га эга эди. Вертолёт барча экипаж аъзоларига яхши маълум бўлган Потомак дарёси устида мунтазам тунги парвозни амалга ошираётган эди.