АҚШ федерал бюджети тақчиллиги июль ойида 432 миллиард долларга етди. Бу ўтган йилнинг июлига нисбатан 48 фоизга кўп. Мазкур кўрсаткич июль ойлари учун рекорд ҳисобланади ва 2021 йил март ойидан, яъни коронавирус чекловлари давридан бери қайд этилган энг катта ойлик тақчилликдир. Бу ҳақда Reuters АҚШ Молия вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.
Идора маълумотига кўра, 2026 молиявий йили бошидан бери бюджет тақчиллиги 1,799 триллион долларга етган ва 2025 молиявий йилининг тўлиқ кўрсаткичидан ҳам ошиб кетган. Ҳолбуки, жорий молиявий йил якунланишига ҳали икки ой бор.
Июль ойида давлат харажатлари 22 фоизга ўсиб, шу ой учун рекорд даражадаги 766 миллиард долларни ташкил қилди. Тегишли ҳисоб-китоблар инобатга олинганда, тақчиллик 333 миллиард доллар бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга кўп.
Шу билан бирга, божхона тушумлари манфий кўрсаткич қайд этди. 33,38 миллиард долларлик божлар қайтариб берилгач, соф маблағ чиқими 8,55 миллиард долларни ташкил қилди. Бу бож тўловларини қайтариш ҳажми тушумлардан ошиб кетаётган кетма-кет учинчи ойдир.
Бундай қайтаришларнинг асосий сабаби АҚШ Олий судининг президент Доналд Трамп томонидан ўтган йили жорий этилган кенг қамровли фавқулодда божларни бекор қилиш тўғрисидаги қарори бўлган.