Эрон соҳиллари яқинидаги Форс кўрфазида катта нефть доғи пайдо бўлди. Унинг майдони бир сутка ичида қарийб 200 квадрат километрдан 400 квадрат километргача кенгайган.
Spiegel нашри маълумотларига кўра, ифлосланиш 8 сентябрь куни АҚШ ҳарбийлари томонидан чўктирилган Riesco танкери билан боғлиқ бўлиши мумкин.
240 метр узунликдаги кема Зимбабве байроғи остида сузган. АҚШ ҳарбийлари маълумотига кўра, танкер Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан боғлиқ бўлган. Унинг сўнгги қайд этилган жойлашуви ҳозирда нефть сизиб чиқиши аниқланган ҳудуд яқинида бўлган.
Экологларни нефть Эрон соҳилларига етиб бориши хавфи ташвишга солмоқда. Бу ҳудудда умумий майдони қарийб 150 квадрат километр бўлган табиий қўриқхоналар жойлашган. Улар балиқлар, денгиз тошбақалари, сув илонлари ва кўчиб юрувчи қушларнинг яшаш муҳити ҳисобланади.
Al Jazeera маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён Ҳурмуз бўғози, Форс ва Уммон қўлтиқлари ҳудудларида камида 75 та кемага ҳужум қилинган ва камида 21 нафар денгизчи ҳалок бўлган.
Жанубий Флорида университети тадқиқотида эса 2026 йил март ойида Форс кўрфазидаги нефть доғлари майдони бир йил аввалгига нисбатан қарийб тўрт баробар катта бўлгани аниқланган.