Юқори мартабали Исроил делегацияси келаси ҳафта бошида АҚШ билан Эрон билан боғлиқ масалалар бўйича стратегик маслаҳатлашувлар ўтказиш учун Оқ уйга ташриф буюриши кутилмоқда.
Бу Дональд Трамп АҚШ президенти лавозимига киришганидан буён АҚШ-Исроил стратегик маслаҳат гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлади. Форум Эрон ядро дастурини муҳокама қилиш учун муҳим.
Исроил делегациясига стратегик ишлар вазири Рон Дермер ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Цачи Ханегби бошчилик қилади. Делегация таркибига Миллий хавфсизлик кенгаши, қуролли кучлар, Моссад, Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Атом энергияси бўйича комиссиянинг юқори мартабали вакиллари ҳам киради.
Америка томонидан музокараларда миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уольтц, шунингдек, Давлат департаменти, Пентагон ва АҚШ разведка ҳамжамиятининг вакиллари иштирок этади.
Учрашувда нафақат Ғазодаги вазият, балки Исроил ва Ливан ўртасидаги баҳсли чегара бўйича музокаралар ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган.