CBS News ва CNN хабар беришича, Исломободдаги музокаралар якунланганидан кейин АҚШ делегациясидан ҳеч ким Покистонда қолмаган.
Манбаларга кўра, Эрон музокарачилари гуруҳи ҳам Исломободни тарк этган.
Аввалроқ Al Arabiya Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер Исломободда қолиб, музокараларни давом эттириши мумкинлигини хабар қилган эди. Бироқ кейинги маълумотларга кўра, улар ҳам техник жамоа билан бирга Покистонни тарк этган.
Хабарда айтилишича, Жей Ди Вэнс самолёти ёқилғи қуйиш учун Рамштайн авиабазасига қўнган ва кейин АҚШга йўл олиши режалаштирилган.
Покистон воситачилигидаги музокаралар 11 апрель куни бошланган эди. Дональд Трампнинг сўзларига кўра, учрашувлар қарийб 20 соат давом этган.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги томонлар икки ёки уч асосий масала бўйича келишувга эриша олмаганини, аммо музокаралар давом этишига умид сақланаётганини билдирди.