АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни тиклаш учун фақат фойдали қазилмалар бўйича битим етарли эмас деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда NBC News хабар берди.
Телеканал манбаларига кўра, Вашингтон Киевга ҳарбий ёрдам ва разведка маълумотларини қайта тақдим этиш учун фақат фойдали қазилмалар бўйича битим "етарли бўлмайди" деган фикрда.
Манбаларнинг айтишича, АҚШ президенти Доналд Трамп ўз ёрдамчиларига бунинг учун Володимир Зеленскийнинг тинчлик музокараларига бўлган ёндашувини ўзгартириши ва ён беришга тайёрлигини намойиш этиши муҳим рол ўйнашини айтган. Хусусан, ҳудудий масалалар бўйича муросага бориш ҳам шартлардан бири сифатида қайд этилган.
"Бундан ташқари, Трамп Украинада сайловлар ўтказилиши йўлида олдинга силжиш бўлишини истамоқда. Шунингдек, у Зеленскийнинг истеъфога чиқиш масаласини ҳам кўриб чиқишини хоҳлайди", дея хабар бермоқда NBC News.