Бу ҳақда Тhe New York Times хабар бермоқда.
Украинанинг исми ошкор этилмаган расмий вакилига кўра, Трамп маъмурияти музокарачилари хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги ибора "фойдали қазилмалар ҳуқуқлари бўйича музокаралар доирасидан ташқарида" эканлигини таъкидлаб, уни олиб ташлашга интилган. Қайд этилишича, ушбу ибора музокараларнинг кейинги босқичига келибгина битим лойиҳаларига киритилган.
Тhe New York Times нашри 24 феврал санаси билан ёзилган битим нусхасини қўлга киритган. Ушбу ҳужжатда АҚШ ҳукумати "Украинанинг барқарор тинчлик учун зарур хавфсизлик кафолатларини олиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаши" қайд этилган.
Газетанинг ёзишича, битимдаги бу ибора аниқ мажбуриятларни назарда тутмайди, шунинг учун Вашингтон Украинага қандай кафолатлар бериши лозимлиги ноаниқ қолмоқда. Шунингдек, ушбу версия якуний вариант экани ҳам ҳозирча маълум эмас.
Битим лойиҳасида яна бир муҳим банд бор, унда "АҚШ ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш чораларини кўради", деб ёзилган. Нашрга кўра, АҚШ бу орқали фойдали қазилмалар конларини, жумладан, фронт чизиғига яқин жойлашган ҳудудларни қўриқлаш мажбуриятини ҳам ўз ичига олиши мумкин.