АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг айтишича, айни пайтда Афғонистонда ҳукмронлик қилаётган «Толибон» ҳаракатининг террорчи ташкилот мақоми қайта кўриб чиқилмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу Афғонистондаги америкаликларнинг озод этилиши билан боғлиқ.
«Ўйлайманки, бу ҳолат энди қайта кўриб чиқилмоқда, чунки билганингиздек, сўнгги бир неча ҳафта ичида биз ҳибсга олинган америкаликларнинг бир қисмини озод қилишда маълум муваффақиятларга эришдик», деди Марко Рубио Вакиллар палатасида бўлиб ўтган тингловда.
«Бизда уларнинг мақоми бўйича бир қанча қарорлар бор, улар охир-оқибатда Афғонистонга нисбатан келажакдаги сиёсатимиз қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги яхлит ёндашувга асосланади. Биз улар кимлигини ва ўтмишда нима қилганини аниқ тушунамиз. Биз улар билан «Ал-Қоида» ва бошқа элементларга қарши курашда кўпроқ ҳамкорлик қилишни истаймиз. Менимча, бу президентда мавжуд бўлган ҳамкорликни кенгайтириш воситаларининг бир қисмидир», деб қўшимча қилди у.
Рубио «Толибон» «хорижий террорчи ташкилотлар» (ФТО, ташкилот АҚШ хавфсизлигига таҳдид солади) рўйхатига киритиладими, деган саволга шундай жавоб берди.
«Толибон» ҳозир Қўшма Штатларда «Махсус аҳамиятли глобал террорчи» (СДГТ, глобал даражадаги террорчилик фаолияти билан боғлиқ ташкилот) мақомига эга. ФТО рўйхатига киритилиши кенгроқ санкцияларни ўз ичига олади.
Март ойида АҚШ расмийлари Афғонистон билан музокаралар натижасида АҚШ фуқароси Жорж Глезманн озод этилганини эълон қилган эди. Америкалик мамлакат разведка хизматлари томонидан 2022 йил декабрида ҳибсга олинганди. Январь ойида Афғонистон маҳбуслар алмашинуви доирасида яна икки АҚШ фуқаросини озод қилди.