Тарихдаги энг узоқ давом этган шатдаун якунланиш арафасида. АҚШ Сенати ҳукуматни 2026 йил январь ойи охиригача тўлиқ молиялаштириш тўғрисидаги қарорни маъқуллади. Бу қарор демократлар сафидан чиққан саккиз нафар сенаторнинг «ҳа» деб овоз бериши туфайли қабул қилинди.
Эндиликда бу қарорни 12 ноябрь куни йиғиладиган Вакиллар палатаси маъқуллаши керак. Шундан сўнг АҚШ президенти Дональд Трамп ҳужжатни имзолайди ва шатдаун расман якунланади.
Аввалроқ демократлар республикачиларнинг барча қарорларини тўсиб қўйган эдилар — улар Affordable Care Act (қўлланишдаги тиббий суғурта дастури) бўйича субсидияларга кафолат талаб қилган. Энди эса миллионлаб америкаликлар сиёсий бўҳрон тугайди, деб умид қилмоқда — мамлакат яна одатий ритмда ишлаши мумкин бўлади.
Сўнгги ҳафталарда АҚШда жамоат ҳаёти қисман фалаж бўлганди. Бир миллиондан ортиқ давлат хизматчилари маошсиз қолди, 42 миллион аҳоли озиқ-овқат ёрдамидан маҳрум бўлди. Аэропортларда ходимлар етишмаслиги кузатилди, фақат 9 ноябрь кунининг ўзида 2000 дан ортиқ рейс бекор қилинди.
«Кўриниб турибдики, биз шатдауннинг охирига яқинлашмоқдамиз», — деди Трамп якшанба куни кечқурун. — «Биз бу мамлакатга ноқонуний йўл билан келган муҳожирларга катта миқдорда ёки умуман пул ажратишга ҳеч қачон рози бўлмаймиз».
Ҳукуматни молиялаштириш бўйича қарорга кўра, ишдан бўшатилган федерал хизматчилар ўз лавозимларига қайтарилади. Шунингдек, озиқ-овқат талонлари дастурини молиялаштириш 2026 йилгача тикланади.