АҚШ шу ҳафтада Кариб денгизига катта миқдордаги махсус операция самолётлари, қўшинлари ва ускуналарини ташлади, деб ёзмоқда Wall Street Journal манбалар ва очиқ маълумотларга таяниб. Бу АҚШга Венесуэлага қарши қаратилган эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар учун қўшимча вариантлар беради, деб ёзади газета.
WSJ манбалари ва кузатув тизимлари маълумотларига кўра, 22 декабрь куни минтақага камида 10 та CV-22 Osprey конвертопланлари ва C-17 юк самолётлари келган. Самолётларда ҳарбий хизматчилар ва жиҳозлар олиб кетилган, дея тасдиқлади нашр суҳбатдошларидан бири. Самолётлар қандай турдаги қўшинлар ва жиҳозларни ташигани номаълум, дея таъкидлайди WSJ.
Оқ уй ва Пентагон сўровларга жавоб бермади.
«Улар операцияларни ўтказиш учун кучларни жойлаштирмоқда», — деди WSJ нашрига ҳаво кучларининг истеъфодаги генерал-лейтенанти, Митчелл номидаги аэрокосмик тадқиқотлар институти декани Дэвид Дептула. Унинг фикрича, бундай кучларнинг ҳаракати АҚШ маъмурияти аллақачон ҳаракатлар режасини белгилаб олганидан далолат беради. «Савол шуки, улар айнан нимага эришмоқчи?» — деди у.
АҚШнинг Лотин Америкасидаги ҳарбий ҳаракатлари учун масъул бўлган АҚШ жанубий қўмондонлиги вакили нашрнинг қўшинларнинг кўчиши ҳақидаги саволларига жавоб беришдан бош тортди. Унинг сўзларига кўра, «ҳар қандай ҳарбий объектларда ускуналар ва ходимларни мунтазам равишда алмаштириш одатий ҳолдир».