Жо Байден яқинда Украинага пиёдаларга қарши миналар етказиб бериш бўйича ҳужжатни имзолайди, деб ёзади The Washington Post исм-шарифи ошкор этилмаган икки америкалик расмийга таяниб. Нашр суҳбатдошларидан бири таъкидлаганидек, ушбу ўқ-дорилардан фойдаланиш Украина ҳудуди билан чекланган. Бундай миналар вақт ўтиши билан ўз-ўзини йўқ қилади ёки аккумулятор қувватини йўқотиб, нофаол бўлиб қолади, бу эса тинч аҳоли учун хавфни камайтиради, деб ёзади WP.
АҚШ Мудофаа вазирлиги бундай ўқ-дориларни етказиб бериш Россия армиясининг ҳужумини тўхтатиш учун энг самарали қадамлардан бири эканлигига ишончи комил, дея тушунтирди газета суҳбатдошлари. Уларнинг сўзларига кўра, Оқ уй Россиянинг сўнгги ҳафталарда Украинанинг фронтдаги позицияларига қилган ҳужумларидан ниҳоятда хавотирда ва Россия кучларининг олдинга силжишини секинлаштириш зарурлигини кўрмоқда.
Сўнгги кунларда Вашингтоннинг Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича бир қанча қарорлари маълум бўлди. Икки ойдан сўнг Байден ўрнига Украинага кўрсатилаётган ёрдам кўламини танқид қилган ва урушни 24 соат ичида тугатишга ваъда берган Трамп келади, гарчи у қандай қилиб тушунтирмаган бўлсада. Трамп, шунингдек, Украина халқаро тан олган ҳудудининг бир қисмидан воз кечиши кераклигини, бу эса жанговар ҳаракатларни тугатишга ҳисса қўшишини айтди.